French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад: 2030 йилга қадар электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси бўйича давлатлар рўйхатида биринчи 30 таликка кириш
13:46 / 2023-09-20

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Электрон ҳукумат тадқиқоти" ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра,  мамлакатимизни "Электрон ҳукумат тадқиқоти" ҳисоботида 2030 йилга қадар Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси бўйича давлатлар рўйхатида биринчи 30 таликка киритиш белгиланган. 

Қарор билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Электрон ҳукумат тадқиқоти” ҳисоботи индексларидаги кўрсаткичларни яхшилаш бўйича "йўл харитаси"; 

"Электрон ҳукумат тадқиқоти" ҳисоботининг Онлайн хизмат кўрсатиш индексидаги кўрсаткичларни яхшилаш учун масъул ишчи гуруҳ таркиби;

"Электрон ҳукумат тадқиқоти” ҳисоботининг Электрон иштирок этиш индексидаги кўрсаткичларни яхшилаш учун масъул ишчи гуруҳ таркиби;

"Электрон ҳукумат тадқиқоти” ҳисоботининг Телекоммуникация инфратузилмаси индексидаги кўрсаткичларни яхшилаш учун масъул ишчи гуруҳ таркиби; 

"Электрон ҳукумат тадқиқоти” ҳисоботининг Инсон капитали индексидаги кўрсаткичларни яхшилаш учун масъул ишчи гуруҳ таркиби;

"Электрон ҳукумат тадқиқоти” ҳисоботининг Маҳаллий онлайн хизматлар индексидаги кўрсаткичларни яхшилаш учун масъул ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди. 

Масъул ишчи гуруҳларнинг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

энг муҳим таркибий индикаторларни, уларни шакллантириш методологиясини, шунингдек, охирги ҳисоботларда Ўзбекистон Республикасига оид маълумотларни чуқур таҳлил қилиш, тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш; 

давлат органлари ва ташкилотлари функцияларини хатловдан ўтказиш, рақамлаштириладиган жараён ва хизматларнинг муддатлари ва тоифаларини кўрсатган ҳолда аниқ рўйхатини шакллантириш, шунингдек, рақамли хизматларни содда, шу жумладан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун қулай шаклда жорий этиш юзасидан талабларни ишлаб чиқиш; 

Интернет тармоғи ва мобиль алоқа фойдаланувчилари сонини ошириш мақсадида телекоммуникация хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, оператор ва провайдерлар учун тенг шароитларни таъминлаш, телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи субъектлар учун жаҳон Интернет тармоғига уланиш жараёнларини соддалаштириш, хусусий провайдерларни "охирги миля" тамойили асосида қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш; 

рақамли ҳукумат тизими ҳамда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларига сунъий интеллект, катта ҳажмдаги маълумотлар, буюмлар интернети ҳамда блокчейн каби илғор технологияларни жорий этиш, мобиль иловалар орқали хизмат кўрсатишни ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;

таълим билан ялпи қамров ва унинг давомийлик муддати бўйича халқаро баҳолаш мезонларини жорий этиш, улар асосида соҳани такомиллаштириш, аҳоли, шу жумладан нуронийлар, аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни рақамли технологиялар бўйича "ҳаёт давомида таълим олиш"тамойили асосида ўқитиш тизимини ишлаб чиқиш;

давлат ахборот тизимлари ва ресурсларидан электрон маълумот олиш, уларда электрон қарор қабул қилиш, маҳаллий органларнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан рақамли мулоқотини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш. 

2024 йил 1 июндан бошлаб янги рақамли хизматлар ва сервислар, қоида тариқасида, биринчи навбатда Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобиль иловасида жорий этилади.

2024 йил якунига қадар Ягона порталда кўрсатилаётган хизматлар сони 700 тага, уларнинг автоматлашганлик даражаси 65 фоизга етказилади.

Ягона порталда жорий этилган рақамли хизматлар ва сервисларнинг камида 75 фоизи мобиль илова орқали кўрсатилиши йўлга қўйилади.

Аҳоли учун рақамли хизматлардан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб рақамли ҳукумат тизими ҳамда унинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тақдим этадиган имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берувчи махсус портал; 

2024 йил 1 июндан бошлаб республика ҳудудидаги яшил ҳудуд, боғ ва жамоат парклари ҳамда 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати ҳақида ахборот берувчи махсус порталлар ишга туширилади. 

2023 йил 1 ноябрдан бошлаб "охирги миля" тамойили асосида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларига кенг полосали Интернет тармоқларини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастури амалга оширилади. 

2024 йил якунига қадар магистраль телекоммуникация тармоғи ва аҳоли яшаш масканларида қўшимча 50 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиши амалга оширилади.

ЎзА