Пойтахтимизда Маданият вазирлиги, Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида "Мақомлар нашидаси", "Мақомлар фантазияси", "Увайсийман", "Концерт" нота тўпламларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, Ўзбек миллий мақом санъати маркази раҳбари Сойибжон Бегматов, таниқли бастакор Ойдин Абдуллаева кейинги йилларда мақом санъати ривожи йўлида кўплаб хайрли ташаббуслар ҳаётга жорий этилаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, юқорида номи келтирилган ташкилотлар томонидан 2018 йилдан буён "Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар" республика танлови ўтказиб келинмоқда. Айни пайтда турли концертлар, "Мақом кечалари"нинг мунтазам ўтказилиши яхши анъанага айланди.

Яқинда эса танловда ғолиб бўлган ижодкорларнинг мусиқий асарлари сараланиб, "Мақом фантазияси", "Мақомлар нашидаси" нота тўпламлари, "Увайсийман" (Етти ғазал) ва "Концертлар" номи остида нашр этилди.
Ушбу тўпламлардаги асарларда мақом ижодиётининг азалий анъаналарига асосланган ижодий қарашлар мавжуд бўлиб, бундай ёндашув ёшлар мусиқий билимларини янада оширишда катта аҳамият касб этади.

Мазкур нота тўпламлари "Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури" доирасида мақом йўлида изланаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, "Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар" республика танловлари ғолибларини рағбатлантириш, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият ва санъат коллежлари, олий ўқув юртларида таълим жараёнида ўқув адабиёти сифатида фойдаланиш учун хизмат қилади.

Н.Усмонова, ЎзА