Пойтахтимизда “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” VI республика танлови бошланди.
Мазкур ижодий танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида миллий мақом санъатини тиклаш, унинг бой мактаб ва анъаналарини янада равнақ топтириш, тарғиб этиш, ёшларда миллий мусиқа санъатимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни шакллантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, азалий қадриятларимизнинг рамзи бўлган мақом санъати теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. У ўзида мусиқа, шеърият ва рақс санъатини ажойиб тарзда уйғун этган юксак тафаккур ва инсоний камолот қомусидир.
[gallery-20835]
Мақом санъати учун асосий мавзу – энг аввало, шахс, унинг эрки ва қадри, тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик ва умумбашарий тараққиёт экани диққатга сазовор. Бу мумтоз бадиий обида асрлар мобайнида авлодлар ўртасида руҳий узвийликни сақлаб, инсон маънавий оламини бойитиб, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашдек улуғ мақсадларга хизмат қилиб келмоқда. Зеро, мақом ўзида халқнинг теран руҳияти, эзгу ниятлари, миллий менталитети, сўнмас қадриятларини мужассам этган бўлиб, тараққиётда муҳим ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мақом санъатини ривожлантириш, замонавий бастакорлик анъаналарига уйғун тарзда уни янада бойитиш, мақом йўлларида ижод қилаётган бастакорлар, композиторлар ва мусиқашуносларни кашф этиш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва рағбатлантириш кўзда тутилган.
Шу мақсадда “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” VI республика танлови ўтказилмоқда.
Танловнинг асосий мақсади ва вазифалари мақом санъатининг ривожи учун янги истеъдодларни кашф этиш, бастакорлар ва композиторларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, миллий мусиқий меросни замонавий бастакорлик йўналишлари билан уйғунлаштириш, мақом йўллари орқали халқимизнинг бой мусиқий анъаналарини тарғиб этишдан иборат.
Н.Усмонова, А.Алижонов (сурат), ЎзА