Сирдарёда миллий мусиқа ва мақом анъаналарини асраб-авайлаш, ёш авлод қалбига чуқур сингдириш мақсадида муҳим тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилояти кенгаши ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳудудий бўлими ташаббуси билан касаба уюшмалари ташкил топганининг 120 йиллиги ва 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб “Миллий қўшиқлар қалбимизда” шиори остида мақомчилар кўрик-танлови ташкил этилди.

Тадбир Гулистон шаҳридаги 1-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабининг анжуманлар залида бўлиб ўтди. Кўрик-танловда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган 35 дан ортиқ профессионал ва ҳаваскор истеъдодлар саҳнага чиқиб, ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Президентимизнинг 2017 йилда қабул қилинган “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳада янги даврни бошлаб берди. Кейинги йилларда мақом санъати марказлари ташаббуси билан 1300 дан зиёд маданий тадбирлар ўтказилиб, 430 мингдан ортиқ томошабин жалб этилди. Шу билан бирга, мақом санъати Тожикистон, Озарбайжон, Венгрия, Латвия ва Литва каби мамлакатларда ҳам кенг тарғиб қилинмоқда.

Тадбир очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилояти кенгаши раиси ўринбосари Ойбек Ашурматов миллий мақомнинг халқаро эътирофга сазовор бўлаётганини таъкидлаб, Шашмақомнинг икки йўналиши – Бухоро Шашмақоми ва ХХ асрда шаклланган Фарғона–Тошкент анъаналари асосидаги “Тошкент Шашмақоми” ҳақида тўхталди. Унинг таъкидлашича, мақомнинг нуфузини янада ошириш ва келажак авлодга бой маънавий мерос сифатида қолдириш муҳим вазифа ҳисобланади.

Иштирокчилар маҳоратини баҳолаш учун нуфузли ҳайъат – Ўзбекистон халқ ҳофизи Исроилжон Ваҳобов, хизмат кўрсатган артистлар Аҳмаджон Дадаев ва Асатулла Холиқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нуриддин Аминжонов ҳамда санъатшунос Абдураҳим Султоновдан иборат жамоа иш олиб борди.
Натижаларга кўра, ансамбллар ўртасида 1-ўрин Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳудудий бўлим ансамблига, 2-ўрин Гулистон шаҳар Ихтисослаштирилган санъат мактаби ансамблига, 3-ўрин эса Гулистон шаҳар 1-сон мусиқа ва санъат мактаби ансамблига насиб этди.
Ҳаваскор хонандалар йўналишида Янгиер шаҳар 4-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Шаҳриёр Дадажонов биринчи ўринни, Сирдарё тумани 12-сон мактаб ўқитувчиси Ёрқин Хосилбеков иккинчи ўринни, “Юнус Ражабий” номидаги институт талабаси Ситора Муҳаммадиева учинчи ўринни эгаллади.
Профессионал хонандалар орасида Сирожиддин Фозилов биринчи, Шаҳзода Бекмуродова иккинчи, Музаффар Умаров эса учинчи ўринни қўлга киритди. Ғолиблар диплом, эсдалик совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирланишди. Шунингдек, барча иштирокчилар учун тарихий шаҳарларга маданий саёҳат ташкил этилиши маълум қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири