English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақом маркази музейи фонди янги экспонатлар билан бойиди
13:37 / 2025-07-11

Ўзбек миллий мақом санъати маркази музей фонди ўзбек мусиқий меросининг забардаст намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти, бастакор ва дирижёр Тўхтасин Жалиловга оид яна бир қимматли тўплам билан бойиди.

Aввалроқ Марказнинг Тарихий экспозиция бўлими бошлиғи Нилуфар Турсунқулова ташаббуси ҳамда ёш бастакор Беҳзодбек Турсунбоев томонидан бастакорга тегишли бўлган 1965 йилда ишлаб чиқарилган “Молодёжный” русумидаги электрофон ва бир нечта тарихий фотосуратлар музей фондига топширилган эди.

Яқинда Тўхтасин Жалиловнинг оила аъзолари томонидан санъаткорга тегишли бўлган яна икки ноёб экспонат – бастакорнинг  чизилган портрети ҳамда унга берилган фахрий орден ва медаллар Марказ музей фондига топширилди.  

Ушбу жараёнда Тўхтасин Жалилов ижодини чуқур ўрганиб келаётган ёш бастакор Беҳзодбек Турсунбоев фаол иштирок этиб, яқинлари билан ҳамкорликда бу тарихий экспонатларнинг Марказга етиб келишига бевосита кўмаклашди.

Санъаткорга тегишли ушбу экспонатлар унинг ҳаёти, шахсияти ва мусиқий фаолиятини чуқурроқ ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, чизилган портрет бастакор образининг ноанъанавий санъат ифодаси сифатида қадрланса, орден ва медаллар унинг мамлакат санъатига қўшган ҳиссаси ва давлат томонидан берилган эътирофидан далолат.

Мазкур экспонатлар Мақом маркази музейи фондининг илмий ва маданий салоҳиятини янада бойитади, шунингдек, келажак авлодлар учун Тўхтасин Жалилов меросини кенг тарғиб қилиш ва чуқур тадқиқ этиш имконини яратади.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбек миллий мақом санъати маркази музей фондига яқин кунларда яна жуда қимматли экспонатлар топширилди. Бу сафар тақдим этилган хотира оддий буюмлар эмас. Улар миллий санъатимиз тарихидаги икки ноёб шахснинг сирли ва бой ижодий дунёсига йўл очади.

Халқимизнинг мусиқий меросида чуқур из қолдирган икки буюк санъаткор — Ўзбекистон халқ артисти Расул қори Мамадалиев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мухторжон Муртазоев ҳаёти ва ижодига оид ноёб материаллар санъаткорларнинг оила аъзолари томонидан марказ музей фондига топширилди.

Янги экспонатлар орасида устоз санъаткорлар чертган созлари,  кийган саҳна либослари, нодир фотоальбомлар ва ноёб граммофон пластинкалари мавжуд бўлиб, улар икки устознинг ёрқин ижодий меросидан далолат беради.

Мазкур экспонатлар устоз санъаткорларнинг бой ижодий меросини асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш ҳамда мақом санъати тарихини янада чуқурроқ ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Н.Усмонова,  

ЎзА мухбири