Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақом кечаси дилларга қувонч бағишлади
14:02 / 2025-12-29

Кейинги йилларда Тошкент вилоятида мақом кечаларини ўтказиш хайрли бир анъанага айланди. Ҳудудда миллий маънавиятимизнинг ажралмас бўлаги бўлган бу нодир ва бебаҳо мерос тарғиботига алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида ҳам “Мақомни бирга куйлаймиз” номли бадиий-мусиқий концерт дастури – навбатдаги “Мақом кечаси” юқори руҳда бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, мақом санъатининг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни, унинг илдизлари шарқ мумтоз адабиёти ва инсоний қадриятлар билан чамбарчас боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади. 

Қайд этилганидек, “Шашмақом” – халқимиз бадиий тафаккурининг юксак маҳсули бўлиб, асрлар давомида жаҳон маданияти хазинасини бойитиб келмоқда. Шу боис мазкур ноёб мусиқий мерос ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Концерт давомида Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли ҳамда вилоят мақом ансамбли жамоаси томонидан ижро этилган асарлар, жонли мусиқий чиқишлар ва ижрочиларнинг юксак ижро маҳорати томошабинларда катта таассурот қолдирди. Ушбу концерт вилоятда ташкил этилган “Мақом” маркази фаолиятининг амалий натижалари ва ижодий ютуқларининг ўзига хос сарҳисоби сифатида ҳам эътироф этилди. 

– Ўзбек миллий мақом маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлими 2018 йилда ташкил этилган. Ҳар йили ўзбек миллий мақом санъатини аҳоли ва айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мақсадида пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида ўз ҳисобот концерт дастурлари билан иштирок этади. Бугунга қадар вилоят санъаткорлари томонидан 20 дан зиёд ўзбек миллий қўшиқлари ва оҳангларига сайқал бериб, маромига етказиб ижро этмоқда. Жумладан, “Попури” “Ё васли”, “Зеболигингдан”, “Хоразм мустаҳзоди” ва шу каби кўплаб халқона қўшиқлар мухлислар қалбидан чуқур ўрин эгаллаган, – дейди Ўзбек миллий мақом маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Ғолибжон Ҳожиев. 

А.Мусаев, ЎзА.