Ўзбек халқининг асрлар давомида сайқалланган бой мусиқа санъати бу халқ руҳияти, маънавияти, эстетик дунёқарашининг ёрқин ифодасидир. Хусусан, мақом — бу ўзбек мусиқа меросининг энг юксак чўққиларидан бири бўлиб, унда нафақат оҳанг, балки ҳаёт фалсафаси, руҳий тарбия ва санъатнинг мукаммал уйғунлиги мужассам.
Мақом санъати йиллар, асрлар давомида устоз-шогирд анъаналари асосида оғзаки равишда аждодлардан авлодларга ўтиб, ўзининг нафислиги, мураккаб ижроси ва чуқур маънавий мазмуни билан ўзига хос мактаб яратган. Айнан шу анъана туфайли мақом бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган, балки янги замон руҳида янгича талқин топиб, халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда.


Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида “Мақом ижрочилигида устоз-шогирд анъаналари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Ушбу анжуманда ўзбек миллий мусиқа маданиятининг юксак намунаси бўлган мақом санъатини асраб-авайлаш, уни замонавий таълим тизимига интеграция қилишда устоз-шогирд мактабининг тарихий, назарий ва амалий жиҳатларини чуқур илмий асосда таҳлил қилиш, шунингдек, республикамиз ҳамда хорижий мамлакатларда мақом санъати бўйича бажарилаётган илмий-тадқиқот ишлари юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Соҳада мавжуд муаммолар муҳокама этилди, уларнинг ечимлари бўйича хулоса ва таклифлар тайёрланди.


Мазкур анжуман орқали турли давлатлардан ташриф буюрган олимлар, мусиқашунослар, ижрочилар ва санъат арбоблари ўртасида илмий-ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мақом ижрочилигидаги анъанавий меросни сақлаган ҳолда уни замонавий педагогик ёндашувлар билан бойитиш, ёш авлодда миллий мусиқа маданиятига бўлган қизиқишни ошириш ҳамда янги авлод мақом ижрочиларини етиштириш бўйича илғор тажриба ва методларни муҳокама қилиш назарда тутилган.
Анжуман доирасида ижрочилик мактабларининг йирик намояндалари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг долзарб мавзуларда ёзган илмий мақолалари жамланган “Мақом ижрочилигида устоз-шогирд анъаналари” номли мақолалар тўплами нашр этилиб, барча меҳмонлар ва қатнашчиларга эсдалик совғаси сифатида тақдим этилди.
Н.Усмонова, ЎзА