Аввал хабар берганимиздек, Марғилондаги “Ижодкорлар боғи”да халқаро мақом фестивали давом этмоқда.
Боғ ҳудудидаги ўндан зиёд табиий саҳналарда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва мамлакатимиз вилоятларидан келган санъаткорлар турли йўналишдаги мақомларни ижро этиб, мухлислар билан самимий мулоқот қилишмоқда.
“Номоддий маданий мерос феномени: аския ва қизиқчилик санъати” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди. Бундан ташқари, мамлакатнинг турли вилоятларидан келган аскиячи ва қизиқчилар “Аския сайли”да иштирок этишмоқда.
Марғилондаги Ўзбекистонда ягона бўлган Мақом мусиқали театрида “Икки қалб ноласи” спектаклининг тақдимоти бўлиб ўтди. Уни халқаро мақом мусиқа фестивали иштирокчилари мароқ билан томоша қилдилар.
Маълумки, яқин кунларда Марғилонда яна бир йирик халқаро форум – “Атлас байрами” бўлиши кутиляпти. Унга тайёргарлик доирасида халқаро мақом мусиқа фестивали иштирокчилари учун миллий либослар намойиши уюштирилди.
[gallery-25570]
Бугун куннинг охирида “Ижодкорлар боғи”нинг бош саҳнасида мақом жамоалари ва якка ҳофизларнинг якуний чиқишлари кутилмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, Олимжон Розиқов (сурат), ЎзА