Бугунги кунда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш давлат сиёсатида устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, маҳалла институти орқали аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш ва оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш бўйича амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Ғуломте маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Нигора Қурбонова ана шундай эътиборга муҳтож оилалардан. У икки нафар фарзанднинг меҳрибон онаси бўлиб, оиланинг асосий боқувчиси бўлган турмуш ўртоғи мавсумий ёлланма ишчи сифатида ишлаб келади. Оиланинг моддий аҳволи оғирлиги сабабли мазкур хонадон кам таъминланган оилалар рўйхатига киритилган.

Нигора Қурбонованинг 2019 йилда туғилган фарзанди Умида болаликдан ногиронлиги мавжуд бўлиб, доимий тиббий назорат ва махсус парваришга муҳтож. Мазкур оиланинг ҳолатини яхшилаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида маҳалла ижтимоий ходими Нозима Ғиёсова томонидан индивидуал хизматлар режаси ишлаб чиқилди.
Хусусан, болаликдан ногиронлиги бўлган Умида белгиланган тартибда Психологик-тиббий-педагогик комиссия кўригидан ўтказилди. Шунингдек, унинг саломатлигини яхшилаш, ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муҳитга мослашувини таъминлаш мақсадида кундузги парваришлаш хизматига жалб этилди.

Маҳалла ҳокими ёрдамчиси томонидан Нигора Қурбонованинг уй шароитида меҳнат қилиб, даромад топиши учун миллий ширинликлар тайёрлашга мўлжалланган махсус печь билан таъминланди. Бу имконият орқали она тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, оила бюджетига қўшимча даромад киритишни бошлади. Нигора Қурбонованинг бандлиги таъминланиб, у кундузги парваришлаш хизматига ишга жойлаштирилди. Оиланинг коммунал харажатларини енгиллаштириш мақсадида табиий газ ва электр энергияси учун компенсация тўловлари ҳам расмийлаштирилди.
Амалга оширилган ушбу чора-тадбирлар натижасида оиланинг ижтимоий ҳимояси мустаҳкамланиб, уларнинг турмуш шароити яхшиланмоқда. Энг муҳими, фарзандлар саломатлиги ва келажагини таъминлаш йўлида амалий қадамлар қўйилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.