Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Манзилли ёндашув кутилган натижа кафолати
15:38 / 2026-02-17

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, жойларда жорий этилган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Тошкент вилояти Бўка тумани Янги ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллада жами 1 минг 568 та оила ва 1 минг 2 та хонадон мавжуд бўлиб, 131 нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган.

Ҳудудда жорий этилган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими орқали ҳар бир мурожаат индивидуал ёндашув асосида кўриб чиқилади. Ўтган йил давомида 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилгани тизим самарадорлигини яққол намоён этади. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни жамият ҳаётига фаол жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

– Жумладан, 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс, ёлғиз яшовчи фуқаро Анвар Ашурматовга қатор ижтимоий хизматлар кўрсатилди, –дейди  Янги ҳаёт маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Гулчеҳра Сулаймонова. – Унга электрон юрувчи ногиронлар аравачаси берилди, ёлғиз кексалар рўйхатига киритилиб, ассистент хизмати йўлга қўйилди. Шунингдек, реестрга киритилиб, психологик, юридик ва моддий ёрдам тайинланди. Адаптив спорт турларига жалб этилди. Фуқаронинг шахмат ва шашка бўйича билим ва тажрибаси инобатга олиниб, маҳалладаги 4-мактаб билан ҳамкорликда ижтимоий лойиҳа амалга оширилди. Бугунги кунда у 10 нафарга яқин кам таъминланган оила фарзандларига шахмат бўйича мураббийлик қилиб келмоқда.

Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида фаол ўрин эгаллаши, ўз салоҳиятини намоён этиши мумкинлигига мисолдир. Муҳими, манзилли ёрдам натижасида фуқаронинг ҳаётга бўлган қизиқиши ортиб, турмуш тарзида сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берди. Жойларда амалга оширилаётган бундай тизимли ишлар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш нафақат ижтимоий ҳимоя, балки уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ўз имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётганини тасдиқлайди.  

Таъкидлаш лозимки, инсон қадри устувор бўлган жамиятда меҳр, эътибор ва амалий ёрдам энг катта кучдир. Ундан тўғри ва мақсадли фойдаланиш эса фаровон ҳаётга етаклайди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА