Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Манзиллар обод, кўнгиллар шод
10:55 / 2022-08-19

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Жанабазар” маҳалласини обод масканга айлантириш бўйича барча давлат идоралари ва ташкилотлари бир ёқадан бош чиқариб, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, маҳалла инфратузилмасини такомиллаштириш, манзилларни обод этиш бўйича ҳамжиҳатликда ишламоқда.

Нукус шаҳрининг чекка қисмида, саҳро қумлари ўртасидан бунёд этилган ушбу маҳаллада ўзига яраша муаммо ва қийинчиликлар кўп эди. Бугун ушбу маскан ташаббускор давлат идоралари саъй-ҳаракатлари билан обод масканга айланмоқда, йўллар текисланиб, асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда. 

Ушбу маҳалладаги кўчаларнинг бири Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ҳамда “Асакабанк” акциядорлик жамиятига бириктирилган. Қумлигича турган кўчаларда ёз бўйи чанг-тўзон кўтарилганда, ёмғир-у қорларда ҳаракатланиш қийинчилик туғдирарди.

Кўчага масъул этиб белгиланган божхона идоралари муаммоларни ижобий ҳал этиш, кўча инфратузилмаси, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш йўлида бошқа давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда изчил ҳаракат қилмоқда. 



– Узунлиги 850 метрни ташкил этувчи “Темир жол жағаси” кўчаси бўйида 36 та хонадон жойлашган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурсултон Назарбаев. – Бугунги кунга қадар барча хонадонларнинг томорқа ерлари тартибга келтирилиб, 24 та хонадон таъмирланди. Аҳоли учун муаммоли саналган кўча бўйи махсус техникалар жалб қилинган ҳолда текисланиб, пиёда ва автотранспорт қуролларида ҳаракатланиш учун қулайлик яратилмоқда.

Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий аҳволи ўрганилиб, шароити нисбатан оғир бўлган 7 та хонадоннинг том қисми ёпилиб, шифер билан қоплаб берилди.

“Жанабазар” маҳалла фуқаролар йиғинидаги биргина кўчада амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари шу тахлитда олиб борилаётган бўлса, жами 40 та кўчадан иборат бутун маҳалла ободликка юз тутаётганини пайқаш қийин эмас. Эътиборлиси, ижобий ўзгаришлардан маҳалла аҳолиси рози, мамнун. Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида инсон қадрини улуғлаш тамойили мужассам.

Бирдамлик, ҳамжиҳатлик бор жойда манзиллар обод бўлади, обод манзилларда яшовчи халқ эса шодликка тўлади. Оролбўйида амалга оширилаётган эзгу ишлар эса аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга, уларнинг турмушидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.



Довуд Абибуллаев, ЎзА