Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мансабдорлик фойдаланилган сув учун тўловдан озод қилади, дегани эмас
11:06 / 2025-11-28

Куни кеча “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ ходимлари томонидан Қашқадарё вилоятининг Касби тумани Тинчлик маҳалласида ўтказилган назорат-рейд тадбири давомида қизиқ ҳолатга дуч келинди. Маҳалладаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда яшаётган фуқаронинг сувдан қарзи борлиги сабабли эшиги тақиллатилганда хонадон соҳиби ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган Б.Ҳ эканлиги маълум бўлди.

Туман сув таъминоти корхонаси раҳбари Валишер Ҳайдаровнинг таъкидлашича, “ҳоким ёрдамчиси” 2023 йилнинг декабрь ойидан буён тўлов қилмайди. Бугунги кун ҳолатида канализация хизматлари ва ичимлик сувидан 600 минг сўмдан ортиқ қарзи бор. Ичимлик сувини ҳовузга сув солиб ичяпмиз деб, умуман тўламайди. 

Назорат тадбирлари давомида ичимлик суви ва канализация хизматлари учун тўловлардан муддати ўтган қарздорликка йўл қўйган истеъмолчиларга қонун талаблари юзасидан  тушунтириш берилди.

Аниқланишича, ушбу маҳаллада яшовчи аҳоли истеъмолчиларининг сув таъминоти корхонаси олдидаги дебитор қарздорлиги 126  миллион сўмни ташкил этади. 

Маълумотларга кўра, Касби тумани бўйича бугунги  кун ҳолатида дебитор қарздорлик 1 миллиард 144 минг сўмга етган бўлса, шундан 1 миллиард 37 минг сўми аҳоли истеъмолчилари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Таъкидлаш лозимки, 2025 йил 1 ноябрь ҳолатида вилоят бўйича жами қарздорлик 36 миллиард 900 минг сўмни ташкил қилмоқда. Шундан 35,5 миллиард сўми аҳоли истеъмолчиларига тўғри келади. Салкам 1,5 миллиард сўм эса юридик, бюджет ва улгуржи истеъмолчиларга тегишли.

– 2025 йил 1 январь ҳолатига дебитор қарздорлик 70 миллиард сўмни ташкил қилган, – дейди “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ихтиёр Умаров. – Прокуратура органлари томонидан ичимлик сувидан дебитор қарздорликни камайтириш борасида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган. Хусусан, қарздорликларни ундириш ишларини жадаллаштириш мақсадида вилоят, туман-шаҳарларда махсус штаблар шакллантирилди. Хусусан, “Қашқадарё сув таъминоти” АЖда “Судларга ариза киритиш бўйича штаб” ташкил қилиниб, 19 миллиард сўмлик 6 минг 159 та аризалар киритилди. “Маҳалла еттилиги” ҳамда сув таъминоти корхонаси мутахассислари жалб этилган ҳолда “ундирув гуруҳлари” ташкил қилиниб, 92 миллиард сўм ундирилди ҳамда 35,3 миллиард сўм нореал қарздорлик ҳисобдан чиқарилди. Натижада, дебитор қарздорлик йил бошига нисбатан 35,5 миллиард сўмга туширилди.

Ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида 833 та рейд тадбирлари ўтказилиб, 833 та ноқонуний ҳолатлар аниқланди.

Рейдлар натижасида сув таъминоти корхонаси манфаатига 13,9 миллиард сўм зарар етказилганлиги ҳисобланиб, аниқланган ҳолатлар бўйича 14 та жиноят иши қўзғатилган ҳамда 415 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Назорат-рейд тадбирлари вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом этмоқда. 

Хусусан, “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ ҳамда жамиятнинг Қарши шаҳар филиали ходимлари Қарши шаҳар, Шодлик маҳалласида ўтказилган назорат-рейд тадбирлари давомида ҳам ичимлик суви ва канализация хизматлари учун тўловлардан муддати ўтган қарздорликка йўл қўйган истеъмолчиларга қонун талаблари юзасидан тушунтириш берилди.

Ушбу маҳаллада 1 минг 585 нафар аҳоли истеъмолчилари бўлиб, айни пайтда уларнинг сув таъминоти корхонаси олдидаги дебитор қарздорлиги 346 миллион сўмни ташкил этади.

Бу каби рейд тадбирларини ўтказишдан мақсад вилоят аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири