Дарҳақиқат, тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик, уларга эркинлик бериш орқали ишбилармон муҳитига давлат катта кўмак кўрсатади. Қатъий қоидалар ва талаблар тадбиркорларни ўз бизнесини ривожлантиришдан чалғитади, ва натижада, давлатга нисбатан ишончсизлик юзага келади.
«Ҳукуматнинг бизнесга «ёрдами» худди ҳукумат таъқиблари сингари зарарли... Ҳукуматнинг миллий фаровонликка хизмат қилишнинг ягона усули, бу – аралашмаслик».
Айн Рэнд,
америкалик ёзувчи,
файласуф
Тадбиркорликни ривожлантириш учун аввало содда ва самарали қонунчилик базасини яратиш зарур. Шулар билан билан бир қаторда, давлат органларининг роли ҳам муҳимдир, яъни яратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига риоя этиш ва ваколатни суиистеъмол қилмасликдир.
Ваколатнинг суиистеъмол қилиш ҳолатларидан кўп учраб турадиганидан бири бу тадбиркорларнинг фаолиятида ўтказиладиган текширувлар. Айнан шу сабабли, ушбу текширувларни қонунийлиги устидан назорат қилиш мақсадида Бизнес-омбудсманга тегишли мониторинг олиб бориш ваколати берилган.
Мисол тариқасида, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси ва Кадастр агентлиги ходимлари томонидан ўтказилган қўшма текширувларни келтирса бўлади.
Мазкур текширувлар Тошкент вилоятида фаолият олиб борувчи “N” МЧЖ (номи ўзгартирилган) фаолиятида ўтказилиб, текширувлар якуни бўйича тадбиркорлик субъектига нисбатан суд орқали жарима жазоси тайинланганлиги маълум бўлган.
Мониторинг жараёнида, Бизнес-омбудсман томонидан юқоридаги текширувлар электрон рўйхатга олиш ягона тизимга киритилмасдан ҳамда текшириш ўтказиш ҳуқуқи берилмаган ходимлар томонидан ноқонуний равишда ўтказилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциянинг масъул ходимлари томонидан ўтказилган текширувлар ноқонуний деб топилди. Шу билан бирга, текширувларда иштирок этган Кадастр агентлигининг 9 нафар мансабдор шахсларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Хулоса қилиб айтганда, ваколатга эга бўлиш бу биринчи навбатда катта масъулиятдир ва ундан фойдаланиш бизнес муҳитига зарар етказишга эмас, балки уни ривожланишига хизмат қилиши керак.
М.МИРАЛИМОВ,
Бизнес омбудсман инспектори