Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мансабдор шахслар маълумотлар очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузса, жаримага тортилади
18:21 / 2022-01-17

Мансабдор шахсларга маълумотлар очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарималар белгиланмоқда. Мазкур ҳолатлар биринчи марта бўлса, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 5 баробаригача, такрорий ҳолатда БҲМнинг 10 баробаригача миқдорда жарима қўлланилиши мумкин. Ушбу тартиб «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. 

— Ушбу ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 2157 ҳамда 24510-моддалар билан тўлдириш таклиф этилмоқда, — дейди Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Зафар Худойбердиев. — Хусусан, 2157-моддада давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланяпти. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик сифатида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни эълон қилиш тартибига риоя этмаслик, маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки уларни очиқ маълумотлар порталига ҳамда расмий веб-сайтларга жойлаштиришнинг белгиланган муддатларига амал қилмаслик ҳолатлари назарда тутилмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасининг 24510-моддасида мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ва судга тақдим этиш ваколатига эгалиги кўрсатиб ўтилмоқда. Чунки қайси ташкилотда очиқлик бўлмаса, у ерда коррупция аломатлари бор бўлиши мумкин, деган нуқтаи назардан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига судга баённома тақдим этиш ваколати берилмоқда.   

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг очиқлик борасида белгиланган мажбуриятларни бажаришдаги масъулияти янада ошишини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватладилар.

Шунингдек, йиғилишда «Почта алоқаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. 

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида келиб тушган таклифлар асосида қонун лойиҳасига бир қатор ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, лойиҳа «Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари» деб номланган янги модда билан тўлдирилди. 9, 10 ва 11-моддаларга почта алоқаси хизматларини кўрсатиш, почта алоқаси сирини таъминлаш масалаларига тегишли аниқлаштирувчи нормалар киритилди. 

Қизғин муҳокамалар савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА