Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мансабдор шахс томонидан етказилган зарар ўрни қандай қопланади?
14:09 / 2025-10-02

“Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши кутилмоқда.

Мазкур қонун Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қонун билан мулкий зарарни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва уларнинг манбалари белгиланмоқда.

Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун ундириладиган маблағлар миқдори суднинг қарори асосида аниқланиши, жамғармалар маблағларидан фойдаланиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, ҳудудий кенгашларга даврий ҳисобот тақдим этиб борилиши, ҳудудий ҳокимликлар зарарни қоплаш учун тўланган маблағларни регресс тартибида ундириш чораларини кўриши белгиланмоқда.

Қонун фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мансабдор шахснинг шахсий масъулиятини ошириш ҳамда давлат идоралари фаолиятида шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан маҳаллий кенгашларга ҳокимликларнинг айрим ваколатлари ҳамда қонун ҳужжатларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган умумий ваколатларнинг аниқлаштирилиши натижасида қўшимча ваколатлар ўтказилмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функциялар маҳаллий вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида ихтисослаштирилмоқда.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқиш асносида унинг қўлланиладиган соҳаси кенгайтирилаётгани қайд этилди. Қонун солиқ, божхона, давлат назорати ва текшируви, фуқароларнинг пенсия таъминоти, ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга чақириш, шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш, ер участкаларини ажратиш ва олиб қўйиш каби тартиб-таомилларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.

Қонун юзасидан қўмита аъзолари ва экспертлари томонидан бир қатор таклифлар билдирилиб, уни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиш лозимлиги қайд этилди. Кўриб чиқилган қонунлар бўйича қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА