English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мансабдор шахс қўлга тушди
16:22 / 2023-05-03

Жиззах вилояти бандлик бош бошқармасида фаолият юритадиган мансабдор шахс қалбаки сертификатни сотаётган пайтида ички ишлар ходимлари томонидан процессуал тартибда ушлангани тўғрисида хабар тарқалди.

ЎзА мухбири ушбу хабарнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигига аниқлик киритиш мақсадида вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари капитан Абулқосим Аҳмедов билан боғланди.  

– Ҳақиқатдан ҳам 1989 йилда Фориш туманида туғилган, Шароф Рашидов тумани “Олмачи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, вилоят бандлик бош бошқармасида фаолият юритаётган мансабдор шахс процессуал тартибда қўлга олинди, – деди капитан Абулқосим Аҳмедов. – Ушбу мансабдор шахс бир аёлнинг укасига касб бўйича мутахассисликка эгалик тўғрисида сертификат ясаб, сотишини таклиф этган. Аёл бу ҳақида ҳуқуқ тартибот идорасига хабар берган.  

ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс ўзи меҳнат қилаётган ташкилот олдида қалбаки сертификатни 1 миллион 100 минг сўмга сотаётган вақтда ушланди.  

Тадбир давомида унинг хонаси кўздан кечирилганда 117 дона ёзилмаган ҳамда 25 дона муҳр босилган сертификат бланклари, 8 дона тижорат банки сертификати, 2 дона фахрий ёрлиқ, 2 дона компьютер, принтер ва флэшкарта ҳамда 1 дона қалбаки муҳр ҳужжатлаштириб олинди.  

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми ҳамда 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.  

А.ҚАЮМОВ, ЎзА