Бухорода соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб борувчи мансабдор шахс пора билан ушланди. Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Бухоро вилояти филиали мансабдори бир фуқарони ўзи раҳбарлик қилиб келаётган тиббиёт муассасасининг филиалларидан бирига ҳамшира вазифасига ишга қабул қилишни ваъда қилади. Натижада эвазига таъмагирлик йўли билан 300 АҚШ долларини пора тариқасида беришни талаб қилади.
2023 йил 16 май куни тахминан соат 14:50 ларда Бухоро вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида тиббиёт муассасаси раҳбари ўз хизмат хонасида кимёвий ишлов берилган 300 АҚШ долларини олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА