Жорий йил 26-30 май кунлари Филиппин Республикасининг Манила шаҳрида “Сув ресурслари ва урбанизацияни ривожлантириш - 2025” мавзусида халқаро форум ўтказилди. Унда Ўзбекистон номидан иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Осиё тараққиёт банки томонидан ташкил этилган мазкур форумда урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши ва ипотека дастурлари масалалари муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, форум доирасида ташкил этилган “Пилот лойиҳалардан ривожланишгача: хусусий сектор иштирокида уй-жой танқислигини енгиб ўтиш” номли панел муҳокамаси Ўзбекистон учун янада аҳамиятли бўлди.
Мазкур сессияда Иқтисодёт ва молия вазирлиги бошқармаси бош мутахассиси Шоҳрухбек Ғаниев ҳамда “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ бош директори Муроджон Фармонов юртимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тақдимот қилди. Уларнинг қайд этишича, давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизда ипотека кредитлари беришнинг замонавий бозор механизмлари жорий этилган. Уй-жой қурилишига хусусий пудрат ташкилотлари кенг жалб этилиб, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофлик тамойиллари асосида ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, сўнгги беш йилликда умумий майдони 21,7 миллион квадрат метрни ташкил этувчи кўп квартирали уй-жойлар қурилган. Бирламчи уй-жой бозорида фуқаролар томонидан сотиб олиш учун 350 мингдан ортиқ ипотека кредитлари ажратилган ва улардан 70 мингдан ортиғи давлат субсидияси асосида молиялаштирилган.
Муҳокама якунида мамлакатимизда уй-жой билан таъминлаш тизимини бозор механизмларига асосланган ҳолда янада такомиллаштириш бўйича режаларга ҳам урғу берилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур халқаро форум Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ютуқлари ва тажрибасини намойиш этишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА