Мангуликнинг биллур қасри
Навоийни ўрганиш бу миллат тарихи, халқ тафаккур ва заковати қудратини англаш демакдир.
Акс-садо
Камолот туйғуси шакл-шамойили билан комиллик пиллапоясидан юксакликка кўтарилиши баробар инсон онгу шуури тобланади, Ўзлик ўзаги тириклик наъшасига тўйинади.
Ҳазрат Навоийнинг қай бир ғазалини ўқиманг, аввало, сермаънолик уммони қалбингизни ҳайрат ёғдуси ила чўғлантиради, қолаверса, медуза шаклида мўъжиза касб этади. Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққуловнинг таъкидлашича: “Навоий шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам, ошиқнинг ҳам, орифнинг ҳам – ҳамма-ҳамманинг шоири. Навоий шеъриятидан ким нимани ахтарса, шуни топади. Фикран ва руҳан ким нимага талабгор бўлса, унда барчаси мавжуд”.
Президентимизнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қалблармизни тўлқинлантириш билан бирга даҳо шоиримизнинг адабий меросини янада чуқурроқ ўрганишга нурли давъат бўлди, десак ҳақ рост. Қарийб олти асрким ҳазрат Навоий халқимизнинг ифтихори, тилимизнинг яловбардори, шеърият мулкининг султони, маънавиятимизнинг порлоқ қуёши бўлиб келмоқда. Улуғ шоир шеърияти ботиний маънолар маҳзани, тафаккур ёғдуси ила тўйинганини ҳис этганингда ҳайрат мавжида вужуд чароғонлашади. Айниқса, тасаввуф истилолари билан чуқур боғланганлиги полифоник қарашларни туғдиради. Масофалар тасмаси узайган сари қўлингиз учи теккудек оралиқда турган тоғ сиздан «қочади», яъни мажозий мазмунни ўрганишингиз жараёнида ғоя, образ, кечинма ва таассуротлар мўъжизавий манзара кашф этади. Илоҳий олам каҳкашони ўз дарвозасини очади. Даҳо шеъриятини талқин қилишда фалсафий, тасаввуфий, диний, дунёвий нуқтаи назардан қараш ўринлидир.
Мазкур қарорнинг ҳар бир бандида кўрсатилган тамойиллар кўлами кенглиги билан барчамизнинг диққатимизни тортади. Жумладан, шоир ижодини чуқур тадқиқ этиш, унинг ноёб қўлёзмалари нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш, асарларининг мукаммал илмий нашрини яратиш, шунингдек, “Алишер Навоий асарларини узлуксиз ўқитиш концепцияси”ни ишлаб чиқиб таълим муассасаларида шу асосда ўқитишни йўлга қўйиш ва бошқа вазифалар янгиланаётган жамиятимизнинг нурли маёғи бўлиб гавдаланади.
Навоийни ўрганиш бу миллат тарихи, халқ тафаккур ва заковати қудратини англаш демакдир. Айниқса, ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, дунёқарашини шакллантириш, ўз Ватанига бўлган муҳаббат туйғусини мавжлантиришга хизмат қилишда аҳамияти каттадир. Бизнинг салкам ёдимиздан кўтарилаётган иншолар танловини йўлга қўйиш эса ёшлар ўртасида саводхонликни оширишга, ёзувда имловий ҳамда жумлалар тузишда хатоларга йўл қўймасликда жуда асқатади. Бу бешта муҳим ташаббус доирасида ёш дастурчиларни кенг жалб этишга ҳам ундайди.
Навоий асарларн бизни фикрлашга, мулоҳаза юритишга, баҳс талаб мавзуларда аниқ ечим топиб уни жорий етишда ҳам очқич ҳисобланади.
Янгиланаётган мамлакатимизда Учинчи Ренесанс даврига пойдевор яратилаётгани эртанги иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, маънавий-маърифий соҳалар тараққиётига оламшумул таъсир этиши бор гап. Чунончи, Алишер Навоий даврини академик Иззат Султон шундай баҳолаганди: «Хуросон ва Мовароуннаҳр тарихида «Темур ва темурийлар даври» деб аталмиш палла Навоийнинг таҳсин ва ғурурини уйғотар эди, чунки бу давр «турк улуси» зодагонларининг ҳокимият бошига келиши ва миллий маданият ҳам адабиётнинг тараққиёти даври бўлди. Зотан, Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг бу давр тарихи гениал шоирнинг бунёдга келишига замин ҳозирлаган ва Навоий ўз тақдири ва тарихий миссияси билан бу давр орасида узвий, чамбарчас алоқа борлигини сезар эди».
Ушбу эътирофлар Президентимизнинг мазкур қарорида белгиланган тамойилларга мослиги билан бизни бағрикенглик ва юксак тараққиёт нафасига ҳамоҳанг этди. Ажабмаски, мамлакатимизнинг эртанги кунида бобомиз издошларининг улуғ намоёндалари сўз салтанатида ўз сўзини айта олади.
Навоий асарларининг бош мақсади комиллик. Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳодни ойнаижаҳон орқали донишмандлар маскани – Юнонистонга юзлатади. Нега? Илк донишмандлик мактаби шу диёрда шаклланди. Айнан Суқрот билан учрашувга қадар Фарҳоднинг босиб ўтган йўлидаги жарликлар, тўсиқлар унинг нафақат иродаси куч-қудратда, балки мулоҳаза ва мушоҳада сандонида тобланди. Фарҳод комиллик даъвосидан воз кечиб, ноқисликка қалбини тикди.
Ноқис улдурким, ўзин комил дегай,
Комил улким, нуқсин исбот айлагай.
Ўз камолидин демас аҳли камол
Аҳли нуқсон ичрадур бу қилу қол.
Сенки нуқсон ичра комилсен, басе,
Олим айтиб ўзни, жоҳилсен басе.
Нафс ботқоғидан ўзини қутқазиш одамийлик рутбаси гавҳаридир. Даҳо асарларига доимий мурожаат қилсангиз, қалбда иллат бўлиб томир отаётган кибру манманлик, такаббурлигу ёлғондан халос бўласиз.
Ҳазрат Навоийнинг ҳар бир аъшорида илоҳий лаззат, самовий туйғу, олий орзу уйғундир. Ишқ водийсини ирфоний нур, руҳоний завқ чамани ила буркаш саодатмандлик. Башариятнинг дардига Сўздан малҳам тутиш камдан-кам даҳоларга насиб этган. Шеърияти роботи санъат устунларидан тикланиб, чексиз коинотни оғушига олган Навоий даҳоси асарларини ўқиб уқмоқ барчамиз учун ибрат мактабидир.
Ушбу қарор юртимиз шонини, миллатимиз ғурурини юксалтиришу улуғлашга ва даҳо шоирнинг жаҳоний эътирофга сазовор бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Халқимиз Навоийнинг даҳо асарлари мангуликнинг биллур қасри эканлигини яна бир бор англаб, унинг сўз уммонидан эзгулик дурларини теради.
Ўроз ҲАЙДАР,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари.