Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Манфаатли машварат
21:51 / 2024-08-10

Нутқдан кейинги ўйлар...

Туркий халқлар орасида кенг тарқалган достонларда "Маслаҳат биткарур кори дунёни" деган терма бот-бот учрайди. Бу халқимизда машҳур ва манзур бўлган "Маслаҳатли тўн тор келмас", "Маслаҳатли тўй тарқамас" каби мақолларни ёдга солади. Дарҳақиқат, маслаҳатга йўғрилган машварат кўпгина муаммоларнинг ечимига калит бўла олади. Тарих бунга шоҳид.

Шу ҳақда сўз кетганда, Президентимизнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан Маслаҳат учрашувидаги нутқи диққатни тортмасдан қолмайди.

Нотиқ, нутқ ва мантиқ сўзлари уйғун, бир ўзакдан ясалган тушунчалардир. Нутқ мақсадни, мантиқ моҳиятни англатар экан, нотиқ буни ўринли тарзда ифода этиши билан алоҳида ўрин тутади. Худди шу маънода миллатимиз сардорининг ўша нуфузли анжумандаги нутқи кўп жиҳатдан эътиборга молик бўлди.

Олти йил олдин Остонадаги биринчи маслаҳат учрашуви олтин саҳифаларга муҳрланган бўлса, бу галгиси ҳам ана шундай моҳият касб этди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқи даъваткорона оҳангда, замон юзага чиқарган муаммолар ва уларнинг ечимлари борасидаги хитобат нутқ бўлди, десак, хато бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевни, айниқса, унинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатларини илгари суриш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатларини таъкидлади.

Мезбоннинг ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ва янги босқичда минтақавий кооперация истиқболлари чуқур таҳлил қилинган “Марказий Осиё Ренессанси: барқарор тараққиёт ва фаровонлик сари” дастурий мақоласини ҳам тилга олиб ўтди.

Дарҳақиқат, ўша муддат мобайнида ўтказилган учрашув ва саммитлар дўстлик замирига қурилган қўшничилик солномасининг янги ва муҳим саҳифаси бўлгани рост.

Президент ўз нутқида залворли, долзарб масалаларга диққатни қаратиб, умумминтақавий ўзига хосликни шакллантириш жараёни бошланганини ишонч билан қайд этди.

Минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш ва узоқ муддатли шериклик кун тартибини бойитиш учун Маслаҳат учрашуви форматини янада такомиллаштириш масалалари ҳақида сўз юритди. Жумладан, оқсаётган масалаларни ҳам эътироф этиб, минтақамиз барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланган қўшни Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида иккинчи даражага тушиб қолганини эътироф эта туриб, бунинг учун яқиндан ҳамкорлик қилиш, қатъий чоралар кўриш ва минтақа манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёр бўлиш ойнадек равшанэканлигини алоҳида қайд этди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида амалий минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларига ҳам тўхталди.

Маълумки, Марказий Осиё халқларининг ўзаро муштарак тарихи, анъаналари, туташ тақдирлари бор. Бу уларнинг ўтмишда ўзаро яқин, бирдам бўлганини, турли соҳаларда якдил ўзаро ҳамкор бўлганликларини тасдиқлайди. Худди шу жараёнларнинг тарихий илдизлари ва илмий назарий асосларини ўрганиш муҳимдир. Бундан кўзланган мақсад – маданий-тарихий мероснинг умумийлигини ҳисобга олган ҳолда, халқларимизнинг минтақа келажаги учун дахлдорлиги, бирдамлиги, умумий масъулиятни англашини кучайтиришдир. Ўтмиш келажакнинг устозидир, деган ҳикматга мувофиқ қилинадиган ҳаракат жуда кўплаб истиқболли режаларни амалга оширишга замин ҳозирлайди.

Шунинг учун ҳам нутқда акс этган келгуси ойда кўҳна Хива шаҳрида минтақа мамлакатларининг навбатдаги Парламентлараро форумини ўтказиш, “Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасини тезроқ ишга тушириш мақсадга мувофиқдир. Президентнинг бу борада билдирган таклифи шундай: Минтақа халқларининг ўзаро бир-бирини тушуниши ва бирдамлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақавий ўзига хосликни шакллантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган илмий форум ўтказиш.

Ўйлаймизки, ушбу ташаббус ва таклиф юқоридаги вазифаларнинг амалга ошиши учун имкониятлар эшигини кенг очади.

Марказий Осиё таълим ва академик алмашув дастурини қабул қилиш ва мамлакатларимиздаги етакчи олий ўқув юртларининг дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқишни муҳим деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, илм-фан ва таълим масалаларига эътибор қаратилгани, минтақа давлатларининг иқтидорли талабалари ўқиши учун ўзаро келишувлар асосида стипендиялар ажратиш масаласи, шу йўсиндаги лойиҳаларни батафсил муҳокама қилиш учун Тошкент шаҳрида октябрь ойида Марказий Осиё биринчи таълим форумини ўтказиш режаси Давлатимиз раҳбари нутқида акс этгани аҳамиятлидир.

Бу борадаги илк қадамлардан бири – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Олмаота шаҳрида "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" Миллий тадқиқот университети филиалини тантанали равишда очишидир. Бу ўз-ўзидан ҳар икки томонлама ўзаро манфаатли фаолиятнинг бошланишидир.

Эндиликда, таълим вазирлари, етакчи университетлари ректорлари, олимлар ва экспертларнинг ҳамкорликдаги фаолияти таълим ва фаннинг ривожига ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Президентимиз фаолиятида учта тушунча доим муҳим: булар сифат, самара ва натижадир. Шунинг учун ҳам режалар қоғозларда қолиб кетишини хуш кўрмайди, албатта, натижадорлиги билан қизиқади ва унга конкрет ёндашади.

"Муносабатларимизнинг, дейилади нутқда, шартномавий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ва уни янада ривожлантириш учун Марказий Осиёда стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида кўп томонлама битимни имзолашга тайёрлашни таклиф қиламиз. Ишончим комил, бугунги учрашувнинг сермаҳсул натижалари минтақада дўстлик ва яхши қўшничилик янада мустаҳкамланишига, халқларимизнинг фаровонлиги йўлида ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади".

Ишонч ва қатъийлик руҳи, стратегик назар билан суғорилган ушбу нутқ Янги Ўзбекистон шукуҳи ва Учинчи Ренессанснинг тамал тошига ҳамоҳангдир. Ушбу нутқ Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учун ҳам мотивацион руҳ бахш этди десак, асло муболаға бўлмайди.

 Раҳимбой Жуманиёзов,

"Маърифат" тарғиботчилар жамияти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси