Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Манфаатли келишувларга асосланган ташриф
17:58 / 2023-07-26

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти ҳокимлиги расмийлари ва тадбиркорларини қабул қилди.

Қозоғистонлик меҳмонларнинг сафардан кўзланган асосий мақсади – вилоятдаги ривожланиб бораётган автомобилсозлик, қурилиш ва текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кичик бизнес билан яқиндан танишиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишдан иборат.  

Учрашув чоғида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Туркистон вилояти делегацияси аъзоларига Жиззах вилояти саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳиятлари хусусида гапирди.  

Шунингдек, қозоғистонлик меҳмонларнинг Жиззах вилояти ҳақидаги таассуротлари, ҳамкорликнинг янги соҳалари тўғрисида ҳам музокаралар олиб борилди. Ушбу ўзаро манфаатли музокаралар давомида томонлар ҳудудларда ташкил этиладиган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмаси, ярмарка ва форумларида фаол қатнашишга, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан ташрифларни кўпайтиришга келишиб олинди.  

Хизмат сафари доирасида Туркистон делегацияси таркибида Жиззахга келган “Cotton Макта” ва “Жиззах кентекс” МЧЖ вакиллари ўртасида умумий қиймати 500 минг АҚШ долларлик текстил маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилди.  

Меҳмонлар “Жиззах” МИЗ ҳудудидаги корхоналар, жумладан, “АДМ Жиззах” МЧЖнинг автомобиль ишлаб чиқариш заводи, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мастер Билдинг Продуктс” МЧЖнинг корхонаси, қандолат маҳсулотлари тайёрланадиган “Бону” МЧЖ, тайёр ип-калава ишлаб чиқарувчи “Жиззах кентекс” МЧЖ ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам танишди.  

Бундан ташқари, делегация аъзолари ҳоким ёрдамчилари ҳамроҳлигида Жиззах шаҳри ва туманларидаги “Олмазор”, “Шодлик”, “Оққўрғонлик”, “Жиззахлик”, Мирзо Улуғбек, “Нурлиобод” МФЙ ҳудудларида кичик бизнес тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини кўздан кечирди.  

А.Қаюмов, ЎзА