Германия Бундестагидаги “Германия–Марказий Осиё” парламент гуруҳи раисининг ўринбосари Манфред Грунд бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятида бўлди.
Делегация аъзолари дастлаб вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, шифо масканининг моддий-техник базаси, тиббиёт ходимлари малакасини эътироф этишди. Жаҳон андозалари даражасида амалга оширилаётган юқори технологик мураккаб жарроҳлик амалиётлари уларда катта қизиқиш уйғотди.
Германиянинг “Teamdress” компанияси инвестицияси ҳисобига ўтган йилнинг сентябрь ойида вилоят марказида жойлашган экошаҳар ҳудудидаги кичик саноат зонасида замонавий корхона иш бошлади. Ҳозир корхонада 125 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, бу ерда тайёрланаётган махсус кийим-кечаклар тўлиқ хорижга экспорт қилиняпти.
Лойиҳа доирасида босқичма-босқич Германиядан сўнгги русумдаги технологиялар олиб келиниб, яқин истиқболда иш ўринлари сонини 250 тага етказиш мақсад қилинган.
[gallery-17229]
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров шу ерда делегация билан учрашди. Самимий мулоқот чоғида мамлакатимизнинг, хусусан, Фарғона вилоятининг Германия билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) лойиҳалари доирасида вилоятда тикув-трикотаж саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорлик жараёнлари, шунингдек, KfW Германия тараққиёт банкининг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига ажратган грантлари асосида вилоятдаги тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Марғилон шаҳридаги 2-сон касб-ҳунар мактабида 6 та йўналишда 1000 га яқин келажагимиз ворислари таълим-тарбия олмоқда. Германия билан ҳамкорликда бир пайтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам ишлаш имконини берадиган дуал таълим тизими йўлга қўйилиб, ўқувчилар вилоятдаги 10 га яқин ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Юзма-юз учрашувда бу борадаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, янги ўқув йилидан ҳунармандчилик, ошпазлик ва пайвандчилик йўналишларини очиш ва дуал таълим тизими бўйича ўқувчилар қамровини кўпайтириш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш мақсадида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этишга келишиб олинди.
–Мақсадлар муштараклиги кўп қиррали алоқаларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади,–дейди Германия делегацияси раҳбари Манфред Грунд.–Боиси икки томонлама манфаатли ҳамкорлик доирасида парламентлараро муносабатларни яхшилаш, малакали мутахассислар тайёрлаш кўламини ошириш, тадбиркорлик, инвестиция соҳаларида янги-янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсад қилинган. Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси раиси, Германиянинг “Mangold” консалтинг гуруҳи раиси Клаус Мангольд билан учрашувда вилоят саноат тармоқларига тўғридан тўғри Германия инвестицияларини жалб этиш кўламини кенгайтириш, Германиянинг илғор компаниялари билан ҳамкорликда машинасозлик технологиялари, қишлоқ хўжалиги техникалари, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ўрганилди.
Учрашувда Германиянинг автомобилсозлик ва машинасозлик маркази бўлган Баден-Вюртемберг федерал ери ва Фарғона вилояти ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда мунтазам равишда икки ҳудуд тадбиркорлари мулоқотини ташкил этиб боришга келишиб олинди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат),
ЎзА мухбирлари