Манба: Шомуродов “Ростов”дан кетишни режалаштирмаяпти
Манбанинг хабарига кўра, ҳужумчи мавсум якунигача “Ростов” сафида қолиб, клубига Чемпионлар лигаси йўлланмасини олиш учун ёрдам бермоқчи.
“Ростов”нинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов ушбу мавсум якунига қадар жамоадан кетмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Россиянинг “Бизнес Online” нашри маълум қилмоқда.
“Ўзбекистонлик футболчи Россия Премьер-лигасининг энг яхши тўпурари бўлиш ва шундан сўнг келаси мавсумни Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан бирида бошлашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган.
Қарорнинг ўзгаришига фақат битта нарса таъсир ўтказиши мумкин, бу “Ростов”га таклиф этиладиган катта трансфер суммасидир. Бироқ, айни дамда Шомуродов бўйича клуб олдида бундай таклиф йўқ”, – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Элдорга Германия, Испания ҳамда Франция чемпионатлари клубларидан қизиқишлар бўлаётган ҳақида хабарлар тарқаган эди.