Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавияти мустаҳкам, ўзлигини унутмаган халқнинг келажаги буюкдир
17:16 / 2025-08-21

Кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Олиб борилаётган ишлар самарасида юртимиз обод бўлмоқда, халқимизнинг турмуш фаровонлиги яхшиланмоқда.

Энг муҳими, қўлга киритилаётган ютуқларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бу, албатта, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз фахр-ифтихор туйғуларини муҳрлайди. Юрт кўрки-камолидан ғурурланиб яшаётган фуқароларимизда эзгулик, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, юрт учун фидойилик туйғуларини мустаҳкамламоқда.

Шу ўринда юртдошларимиз маънавиятидаги ўзгаришларни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, юртдошларимиз маънавияти, дунёқарашини ошириш, ўзлигини англаш, жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш борасидаги ишлар ҳам янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Ушбу жараён халқимиз, шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг маънавияти юксак бўлишига мустаҳкам замин яратади.  

Кейинги икки-уч йил ичида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган маънавият ва маърифат масканлари, ушбу масканларда ўтказилаётган тадбирлар ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса ёшлар қалби ва онгида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ишлари самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.  

Республика Маънавият ва марифат маркази вилоят бўлими томонидан вилоят ҳокимлиги, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида ўтказилаётган тадбирлар маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар самараси ва кўламини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

–  Жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль, танлов, учрашув ва мулоқотлар аҳолининг маънавиятини юксалтириш, тарихан таркиб топган миллий ва маънавий қадриятларимизни кенг тарғиб этишга хизмат қимоқда,  – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бош мутахассиси, Маънавият тарғиботчилар жамияти аъзоси Нафисахон Мараҳимова. – Қолаверса, аҳолининг кайфияти, руҳиятини кўтармоқда, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан жойларда ўтказилаётган “Маънавият енгилмас куч”, "Жаҳолатга қарши маърифат", “Йилнинг энг фаол маънавиятчиси”, “Оила – муқаддас қўрғон”, “Миллий қадриятлар – бебаҳо меросимиз”, “Китобхон оила”, “Энг яхши китобхон”, “Уч авлод учрашуви”, “Маънавият соати” сингари мавзуларда ўтказилаётган турли тадбир, фестиваль, учрашув ва мулоқотлар, шубҳасиз, юртдошларимиз қалбини маънавият нурлари билан бойитишга, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.  

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами олдидан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган “Умуммиллий бирдамлик” фестивали доирасидаги учрашув ва мулоқотлар, концерт дастурлари, тадбирлар халқимиз, хусусан, андижонликлар маънавий ҳаётида унутилмас таассуротлар қолдирди.  

Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан ўтказилган Умуммиллий бирдамлик фестивали доирасида зиёлилар, олимлар, адабиёт ва санъат намоёндаларидан иборат тарғиботчилар, нуронийлар иштирокида маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ўтказилган “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Дилдаги гаплар”, “Маслаҳат оши”, “Бахтли болалик”, Инсон қадри”, “Шижоат” лойиҳалари, шунингдек, “Китоб марафони” акцияси сингари маданий-маърифий тадбирлар андижонликларга улкан маънавий озуқа, рағбат берди, десак асло муболаға бўлмайди.  

Жумладан, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, санъаткорлар, истеъдодли ёшлар иштирокида маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ўтказилган “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Дилдаги гаплар”, “Маслаҳат оши”, “Бахтли болалик”, Инсон қадри”, “Шижоат” лойиҳалари, шунингдек, “Китоб марафони” акцияси сингари маданий-маърифий тадбирлар орқали ислоҳотлар, ҳаётимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида юртдошларимизга кенг маълумотлар берилди, мустақиллик халқимизнинг асрлар давомидаги энг улуғ орзуси, бебаҳо неъмат эканлиги, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадр-қиммати тарғиб этилди.  

– Мустақиллик шарофати билан юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигидан қалбимиз фахрга тўлади, – дейди Марҳамат тумани Қовунчи маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Абдураҳим Бозорбоев. – Маҳалламиз туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлса-да, бу ердаги ўзгаришлар, бунёдкорлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар бизни беҳад қувонтиради. Мана шундай обод, тинчлик-хотиржамлик ҳукм сураётган юртда яшаётганлигимиздан яратганга беадад шукрлар келтирамиз.

Мустақиллик байрами арафасида бу каби шукроналик туйғулари кўплаб юртдошларимиз қалбида жўш урмоқда.

– Бугун қишлоқ ва шаҳарларимизда янги-янги уй-жойлар, корхоналар, савдо, хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилмоқда, тўй-тантаналар бўлиб ўтмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Андижон вилоят бўлими раиси Ўктамжон Охунов. – Бу халқимизнинг яшаш шароитлари ва турмуш фаровонлигини оширишга, энг муҳими, ҳаётдан рози бўлиб яшашига мустаҳкам замин яратмоқда.  

[gallery-24876]

Тинч, фаровон, ҳаётидан рози бўлиб яшаётган халқимизнинг маънавий ҳаёти ҳам янада гўзал бўлишига асло шубҳа йўқ.  

“Демократия”, “фикр эркинлиги”, “очиқлик” тамойилларини ниқоб қилиб халқимиз минг йиллар давомида кўз қорачиғидек асраб келган қадриятларимизни бузишга, ҳаётимизни ичидан қўпоришга уринишлар, таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда маънавий-маърифий ишлар тарғиботини янада кучайтириш муҳим вазифалардан биридир. Олиб борилаётган тарғибот ишлари юртдошларимиз, аввало, ёшларимизда юксак ватанпарварлик, миллий бирлик, ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотишга хизмат қилсин. Зеро, донолар айтганидай, маънавияти мустаҳкам, ўзлигини унутмаган халқнинг келажаги буюкдир.

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари