Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавият – юрт, миллат қиёфаси
11:22 / 2023-12-26

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 22 декабрь куни ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият, маданият, санъат соҳалари фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф, фикр ҳамда ғоялар кенг жамоатчилик, айниқса, маънавият соҳаси вакилларини руҳлантирди.

Бугунги кунда дунёда геосиёсий муносабатлар, турли низо ва можаролар, ахборотлар, мафкуралар кураши авж олган. Ана шундай бир шароитда ҳар бир давлат ўз суверенитетини сақлаш, халқининг тинчлиги, хавфсизлигини таъминлаш, миллатнинг маънавий, мафкуравий, моддий бойликларини асрашни ўзининг биринчи галдаги вазифаси деб билмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам маънавият, миллий ғоя, миллий манфаатлар устунлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари “Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти. Биз дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз”, дея юртимиз бу борада миллий манфаатларга асосланган қатъий позицияга эга эканлигини айтиб ўтди. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари 9 та йўналишда ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди. Аввало, маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади. 

Миллатнинг маънавий қиёфаси, албатта, унинг илмли, салоҳиятли, заковатли халқи, ёшлари билан ўлчанади. Шу маънода кенгаш йиғилишида бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, кутубхоналар ишини ривожлантириш, келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўп минг нусхаларда чоп этиш, кутубхоналарга етказиб бериш муҳимлиги айтилди. 

Нашриётларнинг олдида турган муаммоларни ечиш, халқаро майдонда адабиётнинг нуфузини ошириш учун амалга оширилиши кўзда тутилаётган режаларнинг барчаси келгусида ўқимишли, зиёли, китобхон авлодни тарбиялашга хизмат қилади. 

Маънавият, маданият йўналишига янги 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши, албатта, миллат маънавияти учун давлат ҳамиша ғамхўрлик қилишидан далолатдир. 

Маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулияти оширилиши, ҳар бир туман ва шаҳарда Маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилиши, шубҳасиз, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширади. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари миллатимиз зиёлиларини янада фаол бўлишга, жамиятда ҳар қандай кўринишда бузғунчилик намоён бўлишига нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, бузғунчи мафкураларга қарши иммунитетни шакллантириш, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақирди. 

Президентимизнинг ана шу чақириқлари, айниқса, “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, деган фикрлари, биз – маънавият соҳаси вакилларини янада фаол ва фидойи бўлишга, зиммамизга юкланган вазифаларни сидқидилдан адо этишга ундайди. 

Абдулҳамид Нурматов, 
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Андижон вилояти бўлими раҳбари. 

ЎзА