Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавият вакцинасини ҳар бир миллатнинг ўзи яратади
17:19 / 2023-12-31

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида жон куйдириб айтган сўзлари, даъватлари моҳиятида халқимиз янги уйғониш даври маърифатининг нафасини ҳис этди.

Афсуски, ҳали орамизда миллий ғоянинг, маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, маънавият керакми — йўқми, деб юрганлар ҳам бор. Аммо маънавият масаласи доимий долзарб масала бўлиши керак. Чунки айни шу глобал миқёсли жараёнларда миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бормоқда. Айни чоғда, фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устомонлик билан сингдирилаётгани ҳам сир эмас. Афсуски, бугунги болаларимизни отаона, боғча, мактаб ёки институт эмас, аксарият ҳолларда қўлидаги телефон “тарбияламоқда”.  Президентимиз кўп бора таъкидлаганидек, миллий маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар, тушунча ва қарашлар чегарани бузмасдан, билдирмасдан, таъбир жоиз бўлса, “Чақирилмаган меҳмон бўлиб хонадонимизга, жамиятимизга, энг ёмони, мурғак болаларимизнинг покиза қалби ва юрагига кириб келмоқда”.  

Менинг юрагимга қадар етиб келган масаланинг бир жиҳати шу бўлдики, давлатимиз раҳбари ҳар бир халқ аввало маънавий бирлашуви билангина юксалганига, дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратли эканлигига жамоатчилик эътиборни қаратмоқчи бўлди, назаримда. Афсуски, бугун биз жаҳолат деган балога иқтисодиёт соҳасида ҳам, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият тизимида ҳам, қўйингки, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида дуч келяпмиз ва бу иллат қўл-оёғимизда бамисоли кишан бўлиб турибди. Бу кишандан халос бўлмасдан туриб, тараққиёт ва ривожланиш ҳақида ҳеч қандай сўз бўлиши мумкин эмас.

Хўш, маънавий қашшоқликни қандай қисқартирамиз? Фикр қарамлигидан қандай қутуламиз? Маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш учун руҳий ресурсни қаердан топиш мумкин? Президентимиз худди шу саволларни кун тартибига қўймоқда. Бу ўта долзарб масала. Зеро, Маънавият вакцинасини ҳар бир миллатнинг ўзи яратади. Бугунги маънавий қашшоқлик — адолатли ҳақиқатдир. Одатда пахта даласидаги ғўзалар ё боғдаги меваларга қурт ёки ғаллага занг тушса, унга қарши курашишга дарров отланамиз. Бироқ миллий маънавиятга зиён етказадиган “қурт”ларга нисбатан негадир кўпинча бепарвомиз. Ваҳоланки, маънавият ҳур ва эркин бўлишини таъминлашимиз даркор. Бунинг учун, аввало, сўз ва ижод эркинлиги омили улкан аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ўзбек ва жаҳон адабиёти сара намуналарини мунтазам ўқиб¬ ўрганиш, китобхонлик ва мутолаа маданияти кўмагида миллий маънавият ва маърифатни юксалтириш ниҳоятда муҳим.

"Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур", дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.  Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилишда маърифатпарвар боболар ғояларини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилиниши белгиланди. Шунингдек, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилади, “Жадид” номли янги газета ташкил этилади. Бу бежизга эмас. Бугун ёшларимизга ибрат бўладиган ота-боболаримизнинг жасоратли йўлини очиб берувчи қўлланмалар керак ва шарт. Жадид боболаримиз юртимизни озод этишга, қолоқликдан олиб чиқиб, ҳамма соҳаларни ривожлантиришга борини бағишлаган. Бунинг бадалини ўз жонлари билан тўлаган. Биз бугунги мустақиллик, тинчлик, эркинлик шароитида уларни эслашимиз, эъзозлашимиз ҳам қарз, ҳам фарз. Тан олишимиз керак. Музейлар ташкил этилди, китоблар чиқаяпти, озодлик йўлида курашган аждодларимиз кўпчилиги оқланяпти. Лекин улар шу билан унутилиши керак эмас. Президентимиз бунинг учун қатағон қурбонлари туғилиб ўсган ёки бугун авлодлари яшаётган уйга, маҳаллага, ўша ердаги мактабга уларнинг номларини ёзиб қўйиш таклифини кўтарди. Фикримизча, бу ҳам савобли, ҳам ибратли иш бўлади. Улардан ҳар бирининг ҳаёти – қаҳрамонлик. Биз буни ўрганиб, ташвиқот қилиб, ёшларимизга етказишимиз зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.  

Президентимиз томонидан мутасаддиларга жадид боболаримиз тарихини ўрганаётган тадқиқотчиларга мақсадли грантлар ажратиш, улар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар олиш, матбуот ва интернет нашрларда материаллар чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Нега? Чунки халқимиз у даврни яхши билиши, фахрланиши керак. Ёшлар “Бизнинг боболаримиз истиқлол орзусида курашган, ўзини аямаган, биз мустақиллик учун нима қилаяпмиз” деб ўзига савол бериши зарур. Мустақилликнинг мустаҳкам замини нима ўзи? Аввало, ватанпарварлик, билим, маънавият. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз жамиятимизда ана шундай ватанпарварлик руҳини, шукроналик руҳини кучайтиришга даъват этмоқда.  

Таъкидлаш жоизки, фикрсизлик иллати дунёнинг катта бир қисмини титратиб турган шўролар салтанатининг илдизини қуритди. Каттаю кичикни ялпи ҳайбаракаллачига айлантирди. Тузум мафкурачилари “давлат — жамият — шахс” муносабатларини қасддан бузиб талқин қилишди, одамлар онгига “давлат бошқа, жамият бошқа, халқ бошқа” деган сохта тушунчани сингдирди. Бу билан улар “давлат — бу ўз номи билан давлат, сиёсат ҳам шундай, улар ишига аралашма, тинчгина тошингни териб юравер”, демоқчи бўлишди. Шундай бўлди ҳам. Эркин фикр жиловга олинди. Халқ ичидан етишиб чиққан не ¬не илм ¬маърифат эгалари, тадбиркору ишбилармонлар бу фикрга қўшилмай жазога тортилдилар. Бугун улғайиш остонасига яқинлашаётган фарзандларимизга ҳам кундай равшанки, давлат — бу биз, бошқа ҳеч ким эмас, жамият ҳам ўзимиздан иборат. Ҳар бир фаол шахсда бу икки тушунча муштарак. Давлатнинг иқтисодий қудрати, жамиятнинг маънавий ¬ахлоқий даражаси, мамлакатнинг бугуни ва эртаси фикримизнинг уйғоқлигига боғлиқ. Шу маънода кейинги етти йил ичида жамият ва шахс ҳаётида юз берган муҳим ўзгаришлар шахсий, ижтимоий фикрнинг тақиқ кишанидан озод бўлиши, илм ¬фан тараққиётига кенг йўл очилиши, янги авлод тарбиясининг давлат сиёсати мақомига кўтарилиши, десак муболаға бўлмайди. Фикр ривожига нима туртки беради? Жамиятдаги эркинлик, фикрлар хилма¬хиллиги, уларни беистисно тинглаш, хулоса чиқариш, хатоларни ўнглаш, танқидга тўғри муносабат, албатта. Кўзланган улуғ мақсадларга эришиш йўллари борасидаги таклиф ¬мулоҳазалар, ўринли танқидлар, эътиборга молик таклифлар қанча кўп бўлса, чин ҳақиқатни англаш, адолатли ечимларни топиш, келажак сари янада шиддатли одимлаш имконияти шунча ошади. Ўзига нисбатан танқидий муносабатда бўлган, одамларни тинглайдиган, фаолиятидан аввало ўзи қониқиш ҳосил қиладиган жамият ҳеч қачон кам бўлмаган ва бўлмайди ҳам.

Бугун Ўзбекистон катта мақсадлар сари йўлга чиқди. Бу йўлни эса маънавият ёритиб беради. Биз дунёга Бухорийлар, Хоразмийлар, Самарқандийлар, Марғинонийлар, Насафийу Фарғонийларни берган халқмиз. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугун ана ўша силсиланинг бардавомлиги учун замин, ана шундай улуғ зотларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароит яратилмоқда. Фарзандларимиз қачон кучли бўлади? Қачонки билимли, ақлли, юксак маънавиятли бўлса. Бу борада маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний шундай дейди: “Кийимнинг юза қисми қанчалик ялтироқ бўлмасин, унинг ичи нобоп, айниқса, кир бўлса, бу иллат, албатта, юзага уради”. Жамият ўзгаряпти, мактаб ўзгаряпти, энди ота¬оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти ҳам ошиши керак.  

Сўнгги йилларда маънавий-маърифий соҳаларда катта ишлар амалга оширилаётгани ҳам асоссиз эмас экан, деган хулосага келасан киши. Миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва бойитиш мақсадида Мақом, Бахшичилик ва Аския санъати марказлари ташкил этилди. Шунингдек, “Баҳор” рақс ансамбли, Давлат филармонияси, Давлат симфоник оркестри каби 20 дан ортиқ муассасалар фаолияти йўлга қўйилди. 11 та янги музей, 2 та театр, 28 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 5 та олий таълим муассасаси ташкил этилди. Умуман, маданият ва санъат соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 2017 йилга нисбатан 5 карра ошиб, 2023 йилда бу мақсадлар учун 712 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. “Мақом”, “Бахшичилик”, Ҳунармандчилик, “Лазги” каби халқаро фестиваллар анъанага айланди. 24 та хорижий мамлакатда, жумладан, қўшни давлатларда “Ўзбекистон маданияти кунлари” юқори савияда ўтказилди. ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига яна 9 та миллий меросимиз намунаси, Бухоро шаҳри “Ижодкор шаҳарлар тармоғи”га киритилди. Шу йил сентябрда ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний таваллуди кенг нишонланди. Бу ислоҳотлар, очиқлик ва прагматизмга асосланган сиёсатнинг мевалари эмасми? Бу ҳали ҳаммаси эмас. Биз яқингача кино санъати ҳақида салбий фикрлар айтиб юрардик. Энди эса эътибор туфайли кино санъатида ҳам янги асарлар пайдо бўлаяпти. Буюк саркарда ва улуғ алломалар ҳақида тарихий фильмлар яратилди. Қарийб чорак асрдан кейин Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди. Пойтахтимизда Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси, ҳудудларда янги ижод уйлари қурилди. Самарали ижод қилаётган адиблар имтиёзли асосда уй-жойлар билан таъминланди. Атоқли ижодкорларимизнинг таваллуд саналари нишонланди. Ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин семинари қайта тикланди. Биринчи марта нашр этилган 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”, 30 жилддан иборат “Мустақиллик даври навоийшунослиги”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, “Мард аскарга совға” сингари адабий мажмуалар маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

Давлат раҳбаридаги шижоат, матонат ва ташаббускорлик маънавият масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам яна бир карра намоён бўлди. Аввало, маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Чунки миллий ғоя ва маънавият бизга инсонни ахлоқий тубанликдан қутқариш учун зарур. Агар маънавият ва ахлоқ уйғунлигига эришмас эканмиз, бу борадаги барча қарашларимиз, хатти-ҳаракатларимиз зое кетаверади. Дарвоқе, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий, сиёсий, илмий ва технологик тараққиётнинг юксак чўққисига кўтарилган Ғарб тамаддуни янги минг йилликнинг бошига келиб, тарихий ривожланишнинг ғоят зиддиятли ва мураккаб босқичини бошидан кечираётгани, азалий қадриятлар ўрнини фақат шахсий манфаат, айш-ишрат, ҳузур-ҳаловат майлларига йўғрилган янги ахлоқ ва эътиқод эгаллаётгани, Ғарб тамаддунининг маънавий асослари емирилаётгани, ҳатто Америкадек қудратли давлат ҳам давр таҳдидларига дош бера олмаётгани тобора яққол кўзга ташланмоқда. Дарҳақиқат, бугун ўз ахлоқий қадриятларига, миллий анъаналарига бефарқлик билан қараётган ҳар қандай давлат ёки миллат – хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик –худди чирмовуқдек ўраб келаётган мафкуравий таҳдидлар, ғоясизликлар олдида ожиз бўлиб қолмоқда. Ана шунинг учун ҳам бугун мамлакатимиз раҳбари миллий ахлоқимизни бузишга, миллийлигимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар, тушунча ва қарашлар чегарани бузмасдан, билдирмасдан, хонадонимизга, жамиятимизга, энг ёмони, мурғак болаларимизнинг покиза қалби ва юрагига кириб келаётган таҳдидлардан ҳимояланиш бутун жамиятнинг вазифасига айланганини таъкидламоқда.

Разия Матибаева,

тарих фанлари доктори,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти