Инсон қайси соҳа вакили бўлмасин, аввало маънавият ортидан юксалади ва элда ҳурмат топади. Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан Мудофаа вазирлиги тизимида Маънавият ва маданият департаментининг ташкил этилиши чин маънода соҳада аввал тарқоқ бўлган маданият ва санъат йўналишлари фаолиятини мувофиқлаштирди.
Унда яратилган шароитлар билан таништириш мақсадида Маънавият ва маданият департаменти биносида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Тўрт қаватдан иборат Маънавият ва маданият департменти биносида маъмурият, “Турон” ҳарбий театри, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг Ахборот-медиа бошқармаси фаолият юритади.
Шунингдек, “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти бошқармаси, Электрон ОАВ ва wеб-ресурслар билан ишлаш бўлимлари ҳам шу бинода жойлашган.
Иштирокчилар замонавий талаб ва формат асосида ишга тушган муассасада 277 ўринга мўлжалланган катта анжуманлар зали, театр хоналари, ансамблнинг вокал, хор, балет ва созандалар гуруҳлари учун алоҳида репетиция хоналари билан танишди.
– Бугунги кунда Маънавият ва маданият департаменти фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида телеканаллар ва махсус лойиҳалар билан ишлаш хоналари, овоз ёзиш ва 7 та телемонтаж хонаси ҳамда “Армия студияси” павильони ўз фаолиятини давом эттирмоқда, – дейди мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий масалалар ва ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Олижон Ўсаров. – Натижада давлат ва нодавлат телеканаллари билан ҳамкорликда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги “Ўзбекистон армияси”, “Ватанпарвар”, “Армия спорти”, “Мен ҳарбий бўламан” кўрсатувлари, информацион дастурлар учун хабар ва лавҳалар таёрлаб келинмоқда. Шунингдек, буюк аждодлар ва миллий қаҳрамонларимизни мадҳ этувчи видеоматериаллар яратилмоқда.
[gallery-21074]
Имкониятлар асосида Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, тизимдаги янгилик ва хабарлар тезкор тайёрланиб, расмий wеб-сайт ва ижтимоий тармоқларда ҳам кенг ёритилмоқда.
ОАВ вакиллари департамент биносида яратилган шароитлар билан танишиш мобайнида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олишди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Рустам НАЗАРМАТОВ (фото), ЎзА