Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавият - миллий юксалиш пойдевори, тараққиёт гарови
14:56 / 2024-04-13

Президент ташаббуси--амалда

Президентимиз 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Сурхондарё тажрибаси мисолида “Маънавият сектори”ни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Мазкур ташаббус ижроси доирасида Термиз давлат педагогика институтида ҳам “Маънавият сектори” ташкил этилиб, белгиланган мезон талаблари асосида жиҳозланди.

Ўтмишдан юксак миллий маънавиятга эга халқмиз. Барча замонларда ҳам маънавиятимиз маърифат билан уйғун ривожланган, сайқал топган. Дунёда глабаллашув жараёнлари кечаётган бизнинг давримизда юксак маънавиятли ёшларни камолга етказиш уларнинг миллий қадрият ва анъаналаримизга садоқат ҳиссини юксалтиради. Мамлакат келажагини белгилаб беради. Зеро, маънавият инсоннинг меҳр-мурувват, адолат, ҳақгўйлик, софдиллик, виждон, ор-номус, ватанпарварлик, гўзалликдан завқланиш, ёвузликка нафрат, ирода ва матонат сингари инсоний фазилатларини ўзида мужассам этади. Маърифат инсонга ғойибдан илоҳий куч- қудрат, беқиёс салоҳият ато этади. Маърифат бор жойда маънавий қарамлик, қўрқув, ҳадик чекинади.  

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, тарихдан маълум, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур.

Таълим даргоҳимизда “Маънавият сектори” ташкил этилгач, талаба-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишнинг самарали тизими шаклланди.  Ўтган қисқа даврда юздан ортиқ маънавий-маърифий тадбир,  китобхонлик, спорт мусобақалари, кўрик-танлов, учрашув ва беллашувлар, бошқа кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.  Факультетларда, талабалар турар жойлари ва ижарада яшовчи талабалар ўртасида турли салбий иллатлар, маъмурий ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича профессор-ўқитувчилар ва тюторлар 30 дан ортиқ давра суҳбати, қизиқарли учрашув ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этди. 

Талаба-ёшларда миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат ҳисларини кучайтириш мақсадида уларнинг бўш вақтларида театр, музейлар, тарихи олис ўтмишга бориб тақаладиган археологик ёдгорликлар, ноёб тарихий обидалар ва бошқа диққатга сазовор жойларга саёҳатларини уюштириш ҳам ажойиб анъанага айланди. Янги йилнинг илк ойларида 600 нафарга яқин талаба саёҳатга чиқди. 

Ёш авлод маънавиятини юксалтиришда китоб мутолаасининг, машҳур кишилар билан мулоқотларнинг, кўрик-танлов ва спорт беллашувларининг алоҳида ўрни бор. Шу мақсадда 20 дан ортиқ китобхонлик тадбири, юзга яқин спорт мусобақаси, 40 дан ортиқ кўрик-танлов ва беллашув, 80 га яқин учрашув ва давра суҳбати, 50 маънавий-маърифий тарғибот тадбири ташкил этилиб, 9 мингга яқин талаба қамраб олинди. Бу каби тадбирлар маънавий муҳитни янада соғломлаштириб, тўгарак ва тадбирлар самарадорлигини оширишга, чуқур билим олиб, илмий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Тарбиявий ишлар сифатини тубдан яхшиланмоқда. 

Институтмизнинг барча шароитларга эга спорт мажмуасида 9 та спорт секцияси, 1 та спорт клуб фаолият юритмоқда. Талабалар тураржойларида уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун “Ибрат мактаби”, кутубхона, тикувчилик ва фитнес хоналари ташкил этилган.

Шу ўринда айтиш лозимки, институтимизда маънавий-маърифий ишларни тўғри ташкил этиш баробарида вилоятдаги Қумқўрғон туманида ҳам “Маънавият сектори” фаолиятини йўлга қўйишга яқиндан кўмаклашаяпмиз. Жумладан, ҳозиргача 86 та умумий ўрта таълим мактаби, 31 та мактабгача таълим ташкилоти ва 19 та тиббиёт муассасасини ўрганиб, “Маънавият сектори” фаолиятини ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсияларимизни билдирдик. Бу йўналишдаги ишларимиз давом этмоқда. 

Азизбек Ҳасанов, Термиз давлат 

педагогика институти ректори. 

ЎзА