Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавият карвони замини жавоҳирларга, қалблари маънавий гавҳарга тўла навоийликлар ҳузурида
19:43 / 2022-11-14

-

Олам аҳли билингизким иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.

Алишер Навоий

Юртимизда маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб этиш орқали ватанпарвар, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишдек масъулиятли «юк»ларни елкасига ортган «Маънавият карвони»нинг навбатдаги манзили ҳазрат Низомиддин Мир Алишер Навоий бобомиз номи билан аталган вилоят бўлди. Таниқли шоиру ёзувчилар, илму фан арбоблари, санъаткорлар, кино санъати дарғаларидан иборат карвон бепоён кенгликлар ичра яшаётган мард ва танти, маърифатпарвар инсонлар ватани сари йўл олди.

Тошкенти азимдан чиққан поездимиз олдинга елдек учарди. Яна ижодий сафарга отланганмиз, яна олдинда қанчадан-қанча самимий учрашувлар, манфаатли фикр алмашувлар бизни кутмоқда.

Бизнинг Алишер Азимов бошчилигидаги ижодий гуруҳимиз аъзолари вилоятнинг Конимех туманига кечга яқин етиб борди. Меҳмонхонага жойлашибоқ, Зафаробод шаҳарчасидаги 5-сон кон бошқармаси сари йўл олдик. Чунки бу ерда 300 га яқин кончилар ва уларнинг оила аъзолари бизни кутишаётган экан. Кончи меҳнаткашлар шоир-ёзувчиларимизнинг ижод намуналарини дилдан тинглашди, таниқли санъаткорларимизга қўшилиб, рақсга тушиб, қўшиқларига жўр бўлишди. Шундай қилиб, илк маънавий-маърифий тадбиримиз кўтаринки руҳиятда бошланди.

– Комбинатимиз асосан бурғилаш ишларига, уранни қайта ишлашга ихтисослашган, – дея таништириш баробарида сўз бошлади 5-сон кон бошқармаси бош муҳандиси Султон Маҳмудов. – Бу ерда уч мингга яқин ишчи фаолият кўрсатиб, оилаларининг кундалик эҳтиёжларини қондиради, маърифий тадбирлар ўтказиб, маданий дам оладилар.

Кейинги манзилимиз туман Маънавият ва маърифат марказида бўлди. Бу ерда маънавий меросимизнинг нодир намуналарини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг ёйишга қаратилган «Миллий қадриятлар» тақдимоти ўтказилди. Бунда қозоқ халқининг «Беташар» (бет очар), «Тусаукесер» (тушов кесиш), «Бесекке салу» (гўдакни бешикка солиш), қорақалпоқ халқларининг «Қиз узату» (келин салом), чой қўйиш каби миллий урф-одатлари, маросимлари бизда олам-олам завқ-шавқ бағишлади. 

Шундан сўнг "Наврўз", "Дўстлик", "Гулистон" маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси, ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди. Она Ватан мадҳ этилган шеърлар янграб, маҳалла аҳли билан самимий мулоқотга уланиб кетди.

4-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби устоз-мураббийлари ҳамда ўқувчилари билан мулоқот ҳам ўзгача тароват касб этди. Бу масканда ўқувчилар дўмбира, дутор, карнай-сурнай, пианино каби мусиқа асбобларидан сабоқ олишаркан. «Шуҳрат» медали соҳиби, миллий эстрадамизда ўзига хос овозга эга Умиджон Шаҳобовнинг танбур чертиш бўйича ўтказган маҳорат дарси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Носированинг ролларни ижро этиш санъати, киноактриса ҳамда телерадио бошловчи Мукаррам Бекмуродованинг дил сўзлари, хушовоз хонанда Камолиддин Мирсолиевнинг мақом йўналишидаги қўшиқлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Мирза Каримнинг ота-она, устоз-мураббийларга бағишланган шеърлари, қолаверса, Ўзбек миллий академик драма театри актёри Лазиз Орзиевнинг бошловчилик ва сўз ўйинлари маҳорати иштирокчиларга манзур бўлди.

Тадбир сўнггида салкам 40 йиллик иш стажига эга бўлган тажрибали педагог, мактаб директори Маҳбуба Аднаева келгуси режалар ҳақида завқ-шавқ билан сўзлаб берди.

Муҳими, «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида ўтказилган ҳар бир тадбир барчамизга дили бир, дини бир, қадриятлари битта халқ эканимизни такроран ёдимизга солгандек бўлди...

Худди шоир таъкидлаганидек,

Ўзбек, Қозоқ, Қорақалпоқ, Тожик, Туркманмиз,

Оллоҳ даргоҳида оқу, қора – барчамиз тенгмиз.

Бани одаммиз, башармиз – аҳил туркиймиз,

Қондош, жондош, диндош, оға-инимиз!

ИНСОННИНГ ҚАДРИ ИНСОН БИЛАН

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлағай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Алишер Навоий

Тадбирларимиз доирасида Меҳр-саховат лойиҳаси ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра, қариялар, ногиронлиги бор шахслар, бемор юртдошларимиз ҳолидан хабар олиш кўзда тутилган. Биз ҳам туманнинг «Наврўз» МФЙдаги бир неча хонадонларда бўлдик. Уларнинг маҳзун кўнгилларига бироз бўлса-да, қувонч улашишга ҳаракат қилинди. Шоирларимиз таъсирчан ижод намуналарини ўқишган бўлса, санъаткорларимиз ўзларининг дилтортар наволари билан уларни хушнуд этишди, дил билан дилдан суҳбат қуришди. «Ғаниматим онажон» қўшиғини жўр овозда хиргойи қилишган гуруҳимизнинг энг ёш ва умидли хонандалари «Ниҳол» мукофоти соҳибаси Гулжаҳон Холхўжаева ва Акмалжон Холхўжаевларнинг жарангдор овозларидан улар ғоят тўлқинланиб, ҳатто кўзларига севинч ёшлари ҳам келди. 

Қувонарлиси шундаки, мазкур МФЙнинг Бердақ кўчаси 3-уйда яшаётган ногиронлиги бор аёлнинг қизи – Арзигул Алданазарованинг ишга жойлашиши юзасидан қилинган илтимоси бўйича туман ҳокими ўринбосари Қувончбек Шамсиев томонидан шу ернинг ўзидаёқ амалий ечимга киришилди.

ҚАДРИ БАЛАНД, МЕҲРИ ДАРЁ КОНИМЕХЛИКЛАР

Ақл ила олам юзин обод қил,

Хулқ ила олам элини шод қил.

Алишер Навоий

Эрта тонгдан "Юксалиш" МФЙси биноси турли халқ вакиллари, ёшлар билан гавжум. Улар билан учрашув мазмунли, қизиқарли бўлди. Яна бир қувончли жиҳати – шу элнинг севимли фарзанди, вилоятнинг Конимех, Томди ва Учқудуқ туманидан Олий Мажлис қонунчилик палатасига депутат этиб сайланган Ахшагул Тулегенова бизга ҳамроҳлик қилди ва яқиндан ёрдам берди.  Конимехликлар орасидан икки нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, икки нафар Қорақалпоғистон халқ артисти, 3 нафар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ўн нафарга яқин хизмат кўрсатган чорвадорлар фаолият кўрсатишар экан.

САҲРОДА ИННОВАЦИЯ

Яна бир қизиқ маълумот. Конимехлик чўпонлар Қизилқум яйловларидаги ўтовларида қуёш панелларини ўрнатишмоқда. Бир пайтлари фақат шамчироқда ўтириладиган ўтовлар эндиликда электр чироғида нурафшон бўлмоқда.

Конимехнинг чекка овулларига сафаримиз улкан таассуротларга бой бўлди. Туман марказидан 250 километр узоқликда жойлашган қозоқ, қорақалпоқ овулларига етиб бордик. Шундоқ юзларидан табассум уфуриб турган бу кишилар ўта самимий, меҳмондўст ва санъатсевар экан. Овулдаги ҳар бир эркак киши ўз миллий чолғу асбобларини чалишни хуш кўрадиган, хушчақчақ инсонлар. 

КАРВОН ЙЎЛИ: ТОШКЕНТДАН ТОМДИГАЧА

Маънавий-маърифий тадбирлар вилоятнинг марказидан тортиб, Томди туманининг энг сўнгги овулларигача бўлган чекка ҳудудларда ҳам қизғин давом этди. Истеъдодли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳумоюн Акбаровнинг илҳоми жўшиб, «Томди, юраклар ёнди» шеъри дунё юзини кўрди ва шу куннинг ўзидаёқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримовнинг ажойиб ижросида қўшиқ бўлиб бутун навоийликлар қалбидан жой олди.

ҚАТРАДА АКС ЭТАР ҚУЁШ

Нафъинг агар халққа бешакдурур

Билки, бу нафʼ ўзунгга кўпракдурур.

Алишер Навоий

Миллатлараро тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида жонбозлик қилиб фаолият юритаётган туман ҳокими Руслан Рўзиев қуйидагиларни сўзлаб берди: – туманимизнинг жами аҳолиси 40 мингдан зиёд бўлиб, 14 та турли миллат ва элат вакиллари меҳр-оқибат, бағрикенглик, ўзаро тотувликда: овуллару маҳаллаларимизда ўзбек, қозоқ миллатига мансуб, дили, тили ва ниятлари бир хил инсонларнинг бир-бирига бўлган ширин муносабатини кўриб, кўнглингиз яйрайди. Бир-бирини иззатлаб умргузаронлик қилишади.

Ҳудудда фосфорит хомашёсини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган, 100 нафардан ортиқ аҳоли ишлайдиган «Қизилқум фосфорит» МЧЖ томонидан минерал хомашё чуқур қайта ишланиб, қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари учун бойитилган минерал маҳсулот саналади.

Бундан ташқари, туманда цемент, ёнувчи сланец, фосфорит ва минерал тузлар каби норуда захиралар мавжуд бўлиб, вилоят ва республика саноат корхоналарини хомашё маҳсулотлари билан таъминлаб бормоқда.

Туман бошқа ҳудудлардан чорвачилик йўналиши ривожланганлиги билан ажралиб туради. Мисол учун, туячилик йўналишини олайлик, бошқа ҳудудлардаги фуқаролар туя сутини истеъмол қилиб, ўзининг соғлигини тиклаб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, тиббий хизматларнинг ривожига ҳамда инсонларнинг саломатлиги тикланишига муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Ҳудудда экспорт салоҳияти ривожланмоқда. Мисол учун, бундан беш йил олдин биргина қоракўл териси экспорт қилинган бўлса, ҳозирда мева-сабзавотлар, гипс, қайта ишланган жун, трикотаж материаллари экспортга чиқарилмоқда.

Муҳими, туман ҳудудининг катталиги, овулларининг олис-яқинлиги мутасаддиларнинг фаолияти шиддати, халқчил ислоҳотларни амалга оширишига тўсқин қилолмаслигининг гувоҳи бўлдик. Албатта, буларнинг замирида тарқоқ истиқомат қилаётган конимеxларнинг ўзаро маънан яқинлиги, маданий бирлиги, самимийлиги ва оғизбирчилиги ётганини англаш қийин эмас.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ РАҚАМЛАРДА

Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти рақамларда ҳам кузатишимиз мумкин. Жумладан, ҳисобот даврида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 105,5 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 105,3 фоиз, халқ истеъмол моллари 106,9 фоиз, қурилиш-пудрат ишлари 108,6 фоиз, чакана савдо 111,9 фоиз, жами хизматлар 114,7 фоизга ўсиши таъминланди. 

Шунингдек, 3 244 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Уларнинг асосий қисми Навоий шаҳри (509 та), Қизилтепа тумани (462 та), Хатирчи тумани (389 та) ва Кармана (380 та) туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг «Тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида ўзаро кооперация бўлмас экан, қўшилган қиймат занжирини ва янги индустриал тараққиётни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди», деган даъватлари ҳудуд тараққиётида ўз исботини топмоқда. Масалан, жорий йилнинг 20-21 октябрь кунлари ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 1 613 та, жумладан, 41 та тармоқ ва 1 572 та ҳудудий ишлаб чиқариш корхоналари маҳсулотлари, жумладан, тоғ-кон металлургия, электротехника, кимё саноати ва қурилиш материаллари саноати маҳсулотлари намойиш этилди. Шунингдек, ярмаркада энергетика, металлургия соҳаси ва бошқа корхоналар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этгани ҳам илмий-инновацион ривожланишдан дарак беради.

Умуман, Навоий вилояти мавжуд чексиз имкониятлари ва улкан истиқболлари билан мамлакатимизда муносиб ўрнига эга. Мисол учун, жорий йилнинг 9 ойлигида ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республиканинг 7,9 фоиз ва саноат маҳсулотлари бўйича 16 фоизини ташкил этгани ҳолда ҳар икки кўрсаткичда ҳам учинчи ўринни эгаллаб турибди.

МАЪНАВИЙ ЭҲТИЁЖ: «ҲАР ҲАФТАДА БИТТА КИТОБ ЎҚИЙМИЗ»

Китоб — беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи

Алишер Навоий

Конимех туманига бириктирилган Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Тоҳир Абдураҳмонов вилоятда китоб мутолааси тизими йўлга қўйилганлиги, бу «Ҳар ҳафтада битта китоб мутолаа қиламиз» интеллектуал танлови деб номланганлигини айтиб қолди.

"Китобхонлик танлови вилоятимиздаги барча туман ва шаҳарларда ҳар ҳафтанинг чоршанба, пайшанба ҳамда жума кунлари эълон қилинган битта китоб муҳокамасига бағишлаб тизимли равишда ўтказиб келинмоқда. Китоб мутолааси, асарлар мазмун-моҳиятини англаш инсонни комил, зукко, теран тафаккур соҳибига айлантириши, шубҳасиздир", дейди у.

МУЗЕЙЛАР ХАЛҚ ТАРИХИДАН СЎЗЛАЙДИ

«Маънавият карвон»ининг зиёлилари тарихий қадамжолар, зиёратгоҳлар, музейларга ташриф буюрди. Жумладан, вилоятдаги «Қатағон қурбонлари хотираси» музейига саёҳат ўзгача бўлди.

– Ушбу музей Президентимиз топшириғи билан ташкил қилинган бўлиб, вилоятимиз аҳлининг яқин 150 йиллик оғир ва залворли тарихини ўз ичига олган. Айниқса, музей экспозицияларида акс этган юртдошларимизнинг тақдири,сургун ва сиёсий қатағонларга дучор қилинганларнинг ҳаёти ва қисмати акс этган лавҳалар кишини ўйлантиради. 2020 йилда ишчи гуруҳимиз билан биргаликда Навоий вилоятининг Нурота, Кармана, Хатирчи, Қизилтепа туман давлат архивларида сақланаётган ҳужжатлар асосида 4000 дан ортиқ қатағон қилинган ватандошларни номма-ном аниқлашга муваффақ бўлдик, – дейди музей директори, доцент Хуршид Қурбонов.

Дарҳақиқат, музейлар халқ тарихидан сўзлаб, у элнинг асрлар давомида қўлга киритган ютуқлари, илм-маърифатга қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот беради, кўргазмали, ишончли, илмий асослар билан инсониятга маънавият руҳини тарқатади.

СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА

Умидим шулки, умидингга етгайсан

Алишер Навоий

Бугунги ислоҳотларимизнинг таг-замини «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилга таянади. Дарҳақиқат, жаҳон минбарларида илгари сурилаётган халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар, буларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўли тўғри танланганидан далолат беради. Зотан, Маънавият карвонининг эзгу мақсади ҳам маърифатли жамиятни бунёд этишда беминнат зиё улашишдир...

Обиддин МАҲМУДОВ,

Республика маърифат тарғиботчилари аъзоси