Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Ватан остонаси” шиори остида “Маънавият карвони” тадбири ўтказилди.
Тадбирда пойтахтимиздан ташриф буюрган эл ардоғидаги санъаткорлар, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театри актёрлари ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари иштирок этди.
– Бугунги маънавият тадбири биз ўқувчи- ёшлар қалбида катта таассурот қолдирди, – дейди тадбир иштирокчиси Одина Бегимқулова. – Чунки. бизга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан ўз мақсадимиз йўлида тўғри фойдаланиб, келажакда Ватан равнақи йўлида меҳнат қилишимиз кераклигини англадик.
[gallery-17326]
Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, шеърлар ўқилди. Ҳарбийлар томонидан қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.
Шундан сўнг маънавий-маърифий тадбир қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда давом этди.
Ҳарбий оилалар ва аскарлар билан бўлиб ўтган учрашувда оила ва ватаннинг муқаддаслиги алоҳида таъкидланиб, фарзандлар тарбияси ҳамда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида фикр юритилди.
– Юқори савияда ташкил этилган бугунги тадбирда яна бир бор умр йўлдошимдан фахрландим, – дейди ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи Шоҳиста Эргашева. – Сабаби, уларнинг Ватан олдидаги мардонавор хизматлари тилга олинди. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларнинг аёллари ҳам алоҳида эътироф этилганидан хурсанд бўлдик.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари