Республика Маънавият ва маърифат марказида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудий ҳокимликлар раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳудудий бўлим ва бўлинмалари масъул ходимлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгармоқда. Юртимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Бу борадаги муҳим ишларга қарамасдан, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги янгиланишлар жараёнида маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган бир қатор тизимли муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмас, халқимиз, айниқса ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаяпти. Ушбу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш муҳимдир.
Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мавжуд муаммоларни ҳал этиш, маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Видеоселекторда Республика маънавият ва маърифат марказининг жойлардаги бўлимлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уни бугунги шиддатли давр билан ҳамоҳанг йўлга қўйиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ўртасида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни намунали йўлга қўйиш бўйича "Энг намунали вазирлик ва идора" ҳамда "Энг намунали туман ва шаҳар" танловлари, давлат тилини ривожлантириш мақсадида ўтказилаётган кўрик-танловларга тайёргарлик ҳолати атрофлича муҳокама этилди. Шу билан бирга, 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тарғибот материаллари билан безатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ушбу байрамга юксак савияда тайёргарлик кўриш, географик объектларга ном бериш ва номларни ўзгартириш, давлат экспертизасидан ўтказиш ҳамда уларни давлат реестрига киритиш бўйича амалга оширилаётrан ишлар атрофлича муҳокама этилди. Бу борадаги амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Назокат Усмонова, ЎзА