Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавият фидойилари
16:05 / 2023-12-15

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 19 январда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг мажлисида соҳа бўйича муҳим топшириқлар белгиланган эди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилда ўтказилган “Энг намунали туман ва шаҳар” танловида маънавий-маърифий ишларни тизимли йўлга қўйган, бу борада юқори самарадорликка эришган, ўз ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тавсиясига кўра 14 та туман (шаҳар) ҳамда “Энг намунали вазирлик ва идора” танловида 23 та вазирлик ва идора иштирок этди. 

Мамлакатимиздаги маънавий-маърифий соҳалардаги ишларга муносиб баҳо бериш, бу борада энг намунали туман-шаҳар, вазирликларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган “Энг намунали вазирлик ва идора” ҳамда “Энг намунали туман ва шаҳар” танловлари бу йил учинчи маротаба ўтказилди.  

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида мазкур танловларнинг ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.  

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнлари ҳар бир юртдошимиз ҳаётида, фикр тарзида ўз ифодасини топаётганини таъкидлади.  

Сўнгги йилларда юз бераётган тарихий ўзгаришлар баробарида аҳолининг юрт тақдирига, элимизнинг эртаси, нурли келажагига бўлган муносабати ҳам ўзгариб бормоқда. Эртанги кунга бўлган юксак ишонч бутун халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва янги уйғониш даври пойдеворини яратишдек улуғ мақсад йўлида жипслаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда.  

Тадбирда 2023 йилда Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимида вазирлик ва идоралар, ҳудудий ҳокимликлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишларнинг қисқача таҳлилига оид видеоролик намойиш этилди.  

Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгараётгани, юртимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти тобора ортмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлардан тузилган комиссия қарорига асосан маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фидокорона меҳнатлари учун бир қатор юртдошларимиз “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.  

[gallery-15087]

Мукофотларни Президент Администрацияси шўъба мудири Абдухалил Маврулов, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо топширди.  

Жорий йилда 6 та номинация бўйича қуйидаги вазирлик-идоралар ғолиб деб топилди. Хусусан, “Давлат тилида иш юритиш бўйича энг намунали вазирлик-идора” номинацияси бўйича “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, “Энг фаол китобхон вазирлик-идора” номинацияси бўйича Миллий гвардия, “Энг намунали оммавий тадбирлар ташкилотчиси” номинациясида Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги ғолибликни қўлга киритди.  

“Энг фаол тарғиботчи вазирлик-идора” номинацияси бўйича Мудофаа вазирлиги, “Энг яхши вазирлик-идора сайти” номинациясида Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, “ОАВ ва ижтимоий тармоқларда энг фаол вазирлик-идора” номинациясида Ички ишлар вазирлиги тақдирланди.“Энг намунали вазирлик ва идора” танловида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 1-ўрин (88,5 балл), Солиқ қўмитаси 2-ўрин (87 балл), Адлия вазирлиги ва Кадастр агентлиги 3-ўринни (79.5 балл) эгаллади. Шунингдек, Мактабгача таълим агентлиги 4-ўрин (77.9), Давлат активларини бошқариш агентлиги 5-ўринга (75.3) муносиб топилди.

Якуний натижага кўра, “Энг намунали туман ва шаҳар” танловида Нурота тумани (Навоий вилояти) 1-ўрин (85.3 балл), Сайхунобод тумани 2-ўрин (Сирдарё вилояти) ( 82.9 балл), Олмалиқ шаҳри (Тошкент вилояти) 3-ўринни ( 76.2 балл) эгаллади. Шунингдек, Қоровулбозор тумани (Бухоро вилояти) 4-ўрин (75.2 балл), Бўстон тумани (Андижон вилояти) 5-ўринга (73.7 балл) лойиқ кўрилди.  

[gallery-15087]

“Энг намунали вазирлик ва идора” ҳамда “Энг намунали туман ва шаҳар” танловининг мутлақ ғолибларига Президент совғаси – “Дамас” автомобили ва 15 миллион сўмлик китоблар тўплами тақдим этилди.  

Шунингдек, 2-ўрин эгаларига – 40 миллион сўм пул мукофоти ва 12 миллион сўмлик китоблар тўплами, 3-ўрин соҳибларига – 25 миллион сўм пул мукофоти ва 8 миллион сўмлик китоблар тўплами, 4-5-ўринларга эса – 10 миллион сўмлик пул мукофоти топширилди.  

Тадбирда сўзга чиққанлар жамият ҳаётининг барча соҳаларида фаол меҳнат қилаётган танлов ғолибларини, иштирокчиларни бугунги ғалаба, эришган ютуқлари билан муборакбод этди. Маънавият ривожи йўлида олиб бораётган ишларига омад тилади. 

Эл севган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар тадбирга янада байрамона руҳ бағишлади.  

Н.Усмонова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА