Бухоро вилояти Когон туман ҳокимлиги, туман ахборот-кутубхона маркази, маданият бўлими ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Когон тумани бўлинмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинида “Маънавият фестивали” бўлиб ўтди.
Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази Когон тумани бўлинмаси ва “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, эл суйган таниқли актёрлар, ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар, шунингдек, маънавият ва маърифат соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчилар, нуроний ва фахрийлар, ёшлар кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбир иштирокчилари ҳар бир халқнинг ўзи учун эъзозли, миллий қадриятлари, шунингдек, асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келган қадриятлари, тили, маънавияти ҳамда маданияти билан узвий боғлиқлиги тўғрисида сўз юритди.
–Фестивалдан кўзланган мақсад – маънавий меросимизнинг нодир намуналарини ҳамда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, фарзандларимизни мард ва жасур аждодларимизга хос бўлган миллий ғурур, юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, кулолчилик, зардўзлик ва заргарлик, каштачилик каби қадриятларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, оммалаштириш ҳамда миллий ифтихор даражасига кўтаришдан иборатдир, –дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Когон туман бўлими раҳбари Мадина Муҳиддинова.
[gallery-13289]
Тадбир доирасида когонлик ҳунармандларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА