Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавият – барчамиз учун устувор масала
19:37 / 2024-01-11

Бугуннинг долзарб мавзуси

2024 йил арафасида – 22 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида билдирилган фикрлар, белгилаб берилган вазифалар ушбу йил учун ўзига хос дастур бўлди, дейиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари сайёрамизда тараққиёт суръатлари шиддатли тус олиб, ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётганини таъкидлаб, шундан келиб чиққан ҳолда тўққиз йўналиш бўйича вазифа ва муҳим ташаббусларни билдирди. Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши кераклигини қайд этди.

– Президентимиз илгари сурган ташаббуслар, белгилаб берган вазифалар юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонга тааллуқли, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Фарҳод Назаров. – Яъни бу вазифалар фақат маданият, маънавият, маърифат соҳасида фаолият юритаётган фуқаролар эмас, балки жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига тегишлидир. Президентимиз жадидлар мисолида бугунги кун учун ҳам сергак ва ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдира оладиган, янгиликка интиладиган, чинакам юртпарвар, фидойи инсонлар янада кўпроқ керак бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Бунда албатта, биринчи навбатда, маънавият ва маърифат марказлари, маънавият тарғиботчилари ва зиёлилар фаол бўлиши, бошқаларни ўз ортидан эргаштириши лозим. Бунинг учун эса маҳаллий ҳокимлар, яъни жойлардаги Маънавият ва маърифат Кенгашлари раислари зарур шарт-шароит, имконият яратиши зарур. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жойлардаги биринчи раҳбарлар учун бугун илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият устувор масаладир.

Ўтган йили вилоят Маънавият ва маърифат Кенгашининг бир нечта йиғилиши Кенгаш раиси, вилоят ҳокими бошчилигида ўтказилиб, ўндан ортиқ масалалар муҳокама қилинди. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича вилоятдаги 60 га яқин бошқарма ва идоралар, корхона ва ташкилотлар билан икки томонлама “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Туман ва шаҳарларда 2021-2023 йилларда маънавият ва маърифат масканлари барпо этиш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган эди. Шу асосида 2021-2022 йилларда 10 та шундай маскан фаолияти йўлга қўйилган бўлса, ўтган йили қолган 6 ҳудудда ҳам маънавият ва маърифат масканлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Жойларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиш мақсадида ўтган йили вилоятда маънавият фестивали, миллий қадриятлар ҳафталиги, “Маърифат улашиб”, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” каби лойиҳалар амалга оширилди. Мазкур тадбирлар доирасида маҳаллалар, таълим муассасаларида аҳолининг кенг қатлами иштирокида интеллектуал танловлар, китоб тақдимотлари, ижодий учрашувлар ўтказилди. 

Мамлакатимиз тарихида илк бор “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” ғояси асосида барча маҳаллалар, ўқув муассасаларида “Маънавият марафони” ташкил этилди. “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили бўйича вилоятдаги олий таълим муассасаларининг 1126 нафар профессор-ўқитувчиси маҳаллаларга бириктирилди. 

Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида марказ вилоят бўлими ташаббуси билан “Кўзларимга суртгим тупроқларингни” номли китоб нашр этилди.

– Бу йилги иш режаларимизни белгилаб олишда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратдик, – дейди Ф.Назаров. – Аввало, туман ва шаҳарларда ташкил этилган маънавият ва маърифат масканлари фаолиятини жонлантирамиз ҳамда уларни ҳудуддаги тўртта секторга қўшимча сифатида ташкил этиладиган маънавият секторининг асосий ишчи тузилмасига айлантирамиз. Театр санъатининг аҳоли, хусусан, ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги аҳамиятини эътиборга олиб, вилоятимиздаги учта театр репертуарини бойитиш, бугунги кун руҳига мос спектакллар яратишга вилоятимиз ижодкорларини жалб этамиз. Самарқандда халқимизнинг бой тарихий-маданий ёдгорликлари мавжудлигини ҳисобга олиб, улардан нафақат туристик объект, балки аҳолининг маънавий оламини юксалтирадиган, миллий ғурур ва ифтор уйғотадиган манбаа сифатида фойдаланамиз. Давлатимиз раҳбари қайд этган Соҳибқирон Амир Темур боғларининг қайта тикланиши, “Буюк ипак йўли” музейи барпо этилиши ва Бибихоним мажмуаси реставрация қилинишида самарқандлик зиёлилар билан бирга иштирок этамиз, бу борада ўзимизда мавжуд имкониятларни ишга соламиз. Бундан ташқари, 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси сессияси илк бор Самарқандда ўтказилишини эътиборга олиб, бу жараёнга биз ҳам тайёргарлик кўрамиз. Шу пайтгача фақатгина Париж шаҳрида, ЮНЕСКО бош қароргоҳида ўтказиб келинган анжуманнинг биринчи марта четда, айнан бизнинг юртимизда ўтказилиши барчамиз учун фахр бўлиши баробарида улкан масъулият ҳамдир. Дунёнинг барча қитъаларидан келадиган таълим, фан ва маданият вакилларига биз ўз турмуш тарзимиз, фаолиятимиз орқали бой маданиятимиз, қадрият ва анъаналаримизни кўрсатиб беришимиз лозим. Бу йил давомида амалга оширишимиз белгиланган вазифа ва мақсадларимизнинг айримлари, холос. Айни пайтда эса мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари вилоятимизда ҳам “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остидаги “Маҳаллада дув-дув гап” тарғибот тадбирларини ўтказилмоқда.

Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда эришилаётган ютуқларни халқимизга аниқ ҳаётий мисоллар ва далиллар орқали содда ва тушунарли шаклларда етказиш, аҳолининг кайфиятини кўтариш ва дахлдорлигини ошириш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар уч босқичда ташкил этилмоқда. Дастлабки босқичда 3-10 январь кунлари Президентимизнинг Маънавият ва маърифат Кенгашидаги маърузаси моҳияти халқимизга етказилди. 20 январгача давом этадиган иккинчи босқичда эса ҳарбий-ватанпарварлик ғоялари тарғиботи амалга оширилмоқда. 21-31 январь кунларига мўлжалланган учинчи босқичда 2024 йилнинг юртимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилишига бағишланади.

Вилоятда тарғибот тадбирларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида ҳар бир ҳудудда малакали тарғиботчилар, маданият ва санъат ходимлари, шоир ва ёзувчилар, имом хатиблар, нуронийлардан иборат тарғибот гуруҳлари шакллантирилган. Юртимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларини акс эттирувчи маълумотлар ва қиёсий таҳлиллар асосидаги замонавий тарғибот материаллари тайёрланган. 

Маънавият масаласи кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. Кишилик жамияти бор экан, бунга эҳтиёж сезилади. Фақат ҳар бир давр, замоннинг ўз маънавий қадриятлари, талаблари, қарашлари бўлади. Жумладан, сизу биз яшаб турган бугунги даврда ҳам маънавият юксак ахборот технологиялари, жадал тараққиёт билан ҳаётимизда ўз аксини топмоқда. Гап бу жараёнда ўзлигимизни сақлаб қолиш, турли ахборот хуружлари ва таъсирларидан ҳимояланишимизда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири