Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ўтказилган маънавий-маърифий соҳадаги “Энг намунали туман ва шаҳар” ҳамда “Энг намунали вазирлик ва идора” танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов очиб, мамлакатимизда маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
Қайд этилишича, мазкур танловлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида иккинчи марта ташкил этилмоқда.
Ушбу танлов мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар натижадорлигини ошириш ва соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш орқали бу борадаги фаолиятни янги босқичга кўтариш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитнинг соғломлиги ва барқарорлигини таъминлашга самарали ҳисса қўшади.
“Энг намунали туман ва шаҳар” танловига 14 та туман ва шаҳардан, “Энг намунали вазирлик ва идора” танловига эса 21 та вазирлик ва идорадан ариза келиб тушди.
[gallery-8886]
Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар жойларга чиқиб, танлов иштирокчиларининг фаолиятини низомда белгиланган йўналиш ва мезонлар асосида ўрганиб чиққан.
Якуний натижага кўра, “Энг намунали туман ва шаҳар” танловида Янгиқўрғон тумани биринчи, Сариосиё тумани иккинчи, Кармана тумани учинчи ўринни эгаллади. Зомин тумани ва Ширин шаҳри кейинга ўринлар билан кифояланди.
“Энг намунали вазирлик ва идора” танловида Ички ишлар вазирлиги биринчи, Мудофаа вазирлиги иккинчи, Миллий гвардия ва “Ўзкимёсаноат” АЖ учинчи ўринга муносиб кўрилди. Давлат солиқ қўмитаси ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тўртинчи ва бешинчи ўринга муносиб кўрилди.
Жорий йилда 5 та номинация ҳам жорий этилди. “Давлат тилида иш юритиш бўйича энг намунали вазирлик-идора”, “Энг фаол китобхон вазирлик-идора”, “Энг фаол тарғиботчи вазирлик-идора”, “Энг яхши вазирлик-идора сайти”, “ОАВ ва ижтимоий тармоқларда энг фаол вазирлик-идора” номинацияси бўйича ҳам бир қатор вазирлик ва идоралар тақдирланди.
Ҳар икки танловнинг биринчи ўрин эгаларига Президент совғаси – “Дамас” автомобили ва 15 миллион сўмлик китоблар тўплами тақдим этилди.
Д.Маматова, ЎзА мухбири