Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Маънавий маснавий”нинг янги таржимаси тўлиқ нашрдан чиқди
11:58 / 2022-09-13

Шоирлар шоири, мутафаккирлар мутафаккири, олимлар олими бўлмиш мавлоно Жалолиддин Румийнинг шоҳ асари – “Маънавий маснавий”нинг янги, бебаҳо таржимаси амалга оширилаётганидан хабардор эдингиз. Нозиктаъб шоир, моҳир таржимон, беқиёс сўз заргари Одил Икром томонидан қилинган бу таржиманинг бир қисми, яъни фақат биринчи китоби “Право-пресс” нашриётида, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган эди.

Мана, ниҳоят, олти китобдан иборат муҳташам асар таржимаси ниҳоясига етди ва “Ойдин” нашриётида илк бор тўлиқ нашрдан чиқди. Ушбу янги таржиманинг аввалгиларидан фарқи ҳақида гапирар экан, адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдам, жумладан, шундай дейди: 

– Анча йиллар бурун интернетда бир таржимага кўзим тушди. Ўқисам, ўзбекона жаранглаяпти: “Зўр-ку!” дедим ўзимга ўзим. Ахир, ўгирмадан каттагина парчани сўзликка бир марта ҳам қарамай тушуна олгандим-да! “Мана, ҳақиқий ўзбекча ифодали таржима!”, дегандим севиниб. Бу таржиманинг кўзга илк ташлангувчи хусусияти шуки, у чиндан ҳам ўзбекча ифодада жаранглаган. Натижада сиз маъно ипини қўлингизга маҳкам тутиб олдингизми, бас, йўлда қоқилмай, туртинмай, тўхтамай дадил илдамлай оласиз. Яъни янги ўгирмада аслий маъноларни етказиб беришда максимал даражадаги аниқликка интилиш мавжуд.

“Маънавий маснавий”дай буюк уммондан сув ичган ўқувчи инсон сифатида, шахс сифатида юксалиши, табиий. Чунки мавлоно Румий “Маънавий маснавий”даги ҳикоятларда илгари сурган ғоялар инсонни маҳдуд қарашлар қолипларини парчалаб, озод фикрлашга чорлайди, қалбни тозалайди, техникалашиб бораётган, оммавий маданият авж олаётган замоннинг таҳдидларидан омон қолишга кўмак беради. 

 

Ойдин ЙЎЛДОШЕВА,

ЎзА