English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавий-маърифий тарғибот ишларининг инновацион усуллари
14:28 / 2022-06-03

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва тарғиботнинг замонавий технологиялари” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуман мамлакатимизда маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг таъсирчан, креатив ва инновацион услубларини ишлаб чиқиш, уларни ўз вақтида амалга ошириш чораларини кўриш, ушбу соҳада давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолият самарадорлигини янги босқичга кўтариш, замонавий тарғибот маҳсулотларини яратиш мақсадида ўтказилмоқда. 


 
Шунингдек, конференция Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини ўрганиш ва уни такомиллаштириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва касбга садоқат руҳида тарбиялашда узлуксиз маънавий тарбия концепциясининг аҳамияти, глобаллашув шароитида мафкуравий хавфсизликни таъминлаш масалалари, ижтимоий тармоқларнинг аҳоли, айниқса, ёшлар маънавий-ахлоқий тарбиясига таъсири, ёшлар маънавиятига қаратилган таҳдидларига қарши мафкуравий иммунитетини шакллантириш технологиялари каби йўналишлардаги илмий муаммолар таҳлилига бағишланди. 


 
– Соҳибқирон Амир Темур даврида бошланган маънавий ислоҳотлар Ҳусайн Бойқаро даврида ўз мевасини берди, – дейди Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори, навоийшунос Олимжон Давлатов. – “Шарқ уйғониш даври”, яъни иккинчи ренессанс номини олган маънавий ва маърифий юксалиш даври ҳам 40-50 йил олдин Соҳибқирон бошлаб берган ислоҳотлар замирида юзага келган, десак янглишмаймиз. Институтимизнинг қисқа бир йиллик фаолиятига назар соладиган бўлсак, мамлакатимизда амалга ошириладиган маънавий муҳитни илмий тадқиқ, таҳлил қилиш, ўрганиш ва унинг истиқболларини белгилаш бўйича қатор салмоқли ишларни амалга оширди. Мамлакатнинг чекка-чекка ҳудудларига маънавият карвонлари етиб борди. Ҳудудлар бўйлаб зиёлилар, эл суйган санъаткорлар, шоир-ёзувчилар, олимлар ва фаол ёшлар иштирокида жойларда турли кўринишдаги тадбирлар уюштирилмоқда. Куни кеча ўзим ҳам Фарғона вилоятида ана шундай тадбирлардан бирида бўлиб қайтдим. Ушбу анжуман ўтказилаётган маънавий ва маърифий тадбирларни қай тарзда ўтказса манфаатли бўлишини белгилайди. Энди одамларни “мусаффо осмонимиз бор” қабилидаги қуруқ, маънавий маслаҳатлар билан ишонтира олмаймиз. Уларнинг ёнига янгича ғоялар ва янгича таклифлар билан боришимиз керак. Ишонаманки, юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар тез орада самарасини бера бошлайди. 
  
Конференцияга 300 дан ортиқ мақолалар келиб тушган. Уларнинг орасидан 135 та энг мазмунли ва таҳлилий ёзилган мақолалар сараланиб, алоҳида тўплам ҳолида нашр этилган. Конференцияда фаол қатнашган иштирокчилар орасидан “Энг яхши мазмунли мақола”, “Энг яхши таҳлилий мақола”, “Энг долзарб мавзудаги мақола” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, сертификат ва 500 минг сўм миқдордаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди. 


   
Д.Маматова, ЎзА