Фарғона азалдан маънавият, маданият, санъат ва адабиёт маскани сифатида машҳур. Бугунги кунда вилоятда 192 та маданият ва санъат, муассасалари, маънавият ва маърифат масканлари, ахборот-кутубхона марказлари фаолият кўрсатмоқда.
Якунланаётган йилда маданият ва санъат йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Жорий йилда туман ва шаҳардаги 83 та маданият маркази томонидан маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, 2 миллиондан ортиқ аҳоли қамраб олинди. Мазкур марказларда 400 дан зиёд тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, унда 6 минг 200 дан зиёд ёшлар маданият ва санъатнинг турли йўналишларида ўз иқтидорини намоён этмоқда. Бешта давлат театрлари томонидан ўтган давр мобайнида 750 маротаба турли саҳна кўринишлари, шундан 300 га яқини гостроль ва кўчма спектакллар намойишини ташкил этди. Жорий йилда театрлар томонидан давлат буюртмаси ҳамда ижодий фаолиятини янада бойитиш ва аҳолига маънавий озиқ, эстетик завқ берадиган 11 та янги асар спектакль саҳналаштирилиб, аҳолига тақдим этилмоқда.
Республикада ягона бўлган Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ҳам самарали фаолият олиб боряпти.Ташкил этилганига қисқа вақт бўлишига қарамай Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Сирдарё ҳудудларида гастроль сафарлари ташкил этилди.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларида 13 та йўналиш бўйича 8 минг 873 нафар ўқувчига билим берилмоқда. 2022-2023 йилларда ушбу мактабларнинг жами 230 нафар ўқувчиси халқаро ҳамда Республика кўрик-танловлари ғолиблари бўлди.
Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида маданият ва саньат соҳасини ривожлантириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 35,1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Вилоят мусиқали драма театрида маҳаллий бюджет ҳисобидан 3 миллиард сўмга қайта реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, вилоятдаги аскиячиларни рағбатлантириб бориш бўйича маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1,5 миллиард сўм ажратилди.
Вилоятда кино соҳасини ривожлантириш мақсадида Алишер Навоий номидаги кинотеатр биноси таъмирдан чиқарилди ҳамда жаҳон стандартларига жавоб берадиган киноқурилма олиб келинди.
Фарғона шаҳрида янги бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида 4 минг ўринга мўлжалланган замонавий амфитеатр қуриб битказилмоқда. Ҳозирда ушбу қурилиш ишлари учун қарийб 5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Энг олис ҳудуд – Сўх туманининг Ҳушёр қишлоғида янги маданият маркази барпо этилди. Шаҳар ва туман маданият бўлимлари хизмат автомашиналари билан таъминланмоқда.
Айниқса, жорий йилда Қўқон шаҳрида II Халқаро ҳунармандчилик фестивали ҳамда Риштон туманида Халқаро кулолчилик форуми, Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали, Қўқон шаҳрида “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивали, Халқаро турк маданияти ташкилоти ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда “Туркий дунё опера кунлари” ҳамда “VI Туркий Дунё модалар” кўргазмаси юксак савияда ўтказилди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида барча умумтаълим мактабларига 8 турдаги 6 минг 678 та чолғу асбоблари харид қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маданият, санъат йўналишидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бу эса фарғоналик соҳа ходимларига янада катта масъулият юкламоқда. Янги йилда маданий хизмат даражасини янада ошириш мақсадида кўплаб дастур ва режаларни амалга оширишни кўзда тутмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири