Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавий-маданий кўрик-танлов якунланди
16:24 / 2020-11-21

Қуролли Кучлар давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари миқёсидаги «Энг илғор маданият маркази бошлиғи», «Энг яхши кутубхона» ва «Энг илғор кутубхоначи» кўрик-танловларининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган беллашувлар давомида «Энг яхши кутубхоначи» ва «Энг илғор маданият маркази бошлиғи» танлови иштирокчилари дастлаб соҳага оид тест синовидан ўтишди, сўнгра берилган мавзу бўйича интернет ёрдамида маълумотлар базасини шакллантириш, ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар режаси ва сенарийсини тузишган бўлса, навбатдаги шартда иштирокчиларнинг касбий маҳорати, китобхонларга кўрсатилаётган хизмат турлари, электрон католог яратиш ва ундан фойдаланиш, китобхонлар билан ишлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи турли маънавий-маърифий ва маданий ҳордиқ танловларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш каби шартлар бўйича электрон тақдимотлари намойиши синовдан ўтказилди. 

Шунингдек, иштирокчиларнинг ўз йўналишида олиб борилаётган ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган вазифалар ижроси бўйича ҳисоботлари тингланди, ўтказилган тадбирларни ўзида акс этттирган фотоальбомлари кўриб чиқилди.

Иштирокчиларнинг ҳар бир шарт бўйича чиқишларини Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафиза Каримова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

«Энг яхши кутубхона» кўрик танлови ҳам қизиқарли ва қизғин давом этди. Унда кутубхоналарнинг бугунги кун талабларига жавоб бериши, моддий-техник базаси, фонди, янги адабиётлар билан бойитилганлиги, электрон-ахборот алмашинуви ва имкониятлари, бадиий-эстетик жиҳозланганлиги, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчилари ҳамда уларнинг оила аъзоларини кутубхонага жалб этиш кўрсаткичлари, кутубхонада ўтказилаётган тадбирлар хилма-хиллиги, мазмуни, моҳияти ва самарадорлиги каби муҳим жиҳатлар баҳоланди.

“Энг илғор кутубхоначи” танловида 1-ўринни Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм вакили сержант Аббосхон Сафаралиев, 2-ўринни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ шаънини ҳимоя қилган Сайёра Қиргизова, 3-ўринни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округдан келган иштирокчи Мафтуна Жумаева эгаллади.

«Энг яхши кутубхона» танлови бўйича 1-ўрин Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли контракт бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Рустам Ғафуров хизмат қилаётган ҳарбий қисм, 2-ўринни Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Қуролли Кучлар хизматчиси Анварбек Маматқулов фаолият кўрсатаётган маънавият маскани, 3-ўринни Тошкент ҳарбий округининг капитан Шерзод Саъдуллаев хизмат қилаётган ҳарбий қисм кутубхонасига насиб этди.

«Энг илғор маданият маркази бошлиғи» танловида эса 1-ўринни Шарқий ҳарбий округ вакили, Қуролли Кучлар хизматчиси Отабек Тўрақулов, 2-ўринни Тошкент ҳарбий округидан Қуролли Кучлар хизматчиси Фозил Назаров, 3-ўринни Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигидан сержант Аббосхон Сафаралиев қўлга киритди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА,  

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти