Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавий гўзалликнинг посбонлари
10:48 / 2024-04-15

15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни

Жамиятнинг маърифий камолотида ижодкор зиёлилар, шу жумладан, санъат ва маданият ходимларининг ҳиссаси беқиёсдир.  

Шу сабабли кейинги йилларда мамлакатимизда маънавият, илм-маърифат, санъат ва маданият, адабиёт каби соҳалар ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, охирги йиллар мамлакатимиз маданияти ва санъати равнақида мисли кўрилмаган ташаббуслар илгари сурилди, десак муболаға бўлмайди.  

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти, Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали ташкил этилгани санъат соҳаси учун юқори истеъдод, билим ва салоҳиятга эга ёшларни камолга етказишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда Ўзбек Миллий мақом санъати маркази, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида намунавий мақом ансамблларининг фаолияти кенг йўлга қўйилгани ушбу кўҳна санъатни яна кенгроқ тарғиб ва ташвиқ этишда янги истиқболларни очмоқда.  

Ўзбекистон халқ артистлари Комилжон Отаниёзов, Шерали Жўраев каби санъатимиз сардорларининг ижодини, улар яратган ижро йўлларини, қўшиқчилик анъаналарини яратишдек эзгу мақсадларни кўзлаган мусиқа ва санъат мактаблари самарали фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева номидаги махсус стипендия таъсис этилиб, мақом санъати йўналишида таҳсил олаётган энг ибратли талабалар махсус танлов асосида ушбу стипендия билан тақдирланиши кенг йўлга қўйилди.  

Кейинги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон давлат филармонияси, Ватанимизнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган «Баҳор» ансамбли қайта ташкил этилди. Бадиий мусиқий жамоаларнинг фаолияти кенг қўллаб-қувватланмоқда. Уларнинг хорижий сафарларга чиқиши учун имкон, маблағ, зарур шароитлар яратилмоқда. Театрлар, театр-студиялар, мусиқий ансамблларнинг эмин-эркин ишлаши, бинолар, жиҳозлар, либослар, ходимларнинг иш ҳақи, ҳомийлар кўмаги билан боғлиқ масалалардаги муаммолар тўлиқ барҳам топди.  

Халқимизни санъатдан тўлиқ баҳраманд этиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. «Театр томошалари ҳафталиги», «Тасвирий ва амалий санъат фестивали», «Музейлар куни», «Очиқ осмон остидаги концертлар» каби лойиҳалар халқимизга ғоят манзур бўлмоқда. Айни пайтда жаҳоннинг етакчи опера ва балет юлдузлари, санъат усталарининг, машҳур ижодий жамоаларнинг юртимизга ташрифи мисли кўрилмаган даражада фаоллашди.  

Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрда Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида соҳадаги муаммолар – маданият масканлари ишини давр руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйиш, уларда меҳнат қилаётган ходимларни моддий рағбатлантириш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқилди. Шу билан бирга мақом, миллий рақс, театр, музейлар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятига доир янги ташаббуслар ўртага ташланди.

Бугун айрим «санъаткорлар»нинг ижтимоий тармоқлардаги хурмача «томоша»лари, саёз қўшиқлар, муаллифлик ҳуқуқларига риоя этмаслик каби кўнгилни хира қиладиган жиҳатлар ҳам баъзан кўзга ташланмоқда. Бундай муаммоларнинг олдини олиш бўйича Маданият вазирлиги томонидан тегишли чоралар ҳам кўрилмоқда. 

Бироқ маданият ва санъат ходимлари деганда, энг аввало, музейлар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият саройлари, театрлар, бадиий жамоаларда ҳалол ва фидокорона меҳнат қилаётган ходимларни, мусиқа муаллимлари, тасвирий ва амалий санъат усталарини, уларнинг жонфидоликларини назарда тутамиз.  

Айни пайтда ёшларга мусиқий таълим беришда, уларнинг бадиий диди ва тафаккурини юксалтиришда, гўзалликнинг бетакрор ва мафтункор дунёсига ошно этишда миллий санъатимиз фидойиларининг ҳиссаси беқиёс.  

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири