Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавий бедорликка даъват
11:39 / 2023-12-26

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишига бағишланган анжуман ташкил этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид давлатимиз раҳбарининг “маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, деган сўзлари мамлакатимиз ижодкор зиёлиларини янада фаол бўлишга даъват этганини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, кейинги йилларда миллий адабиётимиз ривожи йўлидаги эътибор мисли кўрилмаган даражага чиқди. Пойтахтимизда Адиблар хиёбони барпо этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун муҳташам бино қад ростлади. Мамлакатимизнинг турли гўшаларида атоқли адиб ва шоирлар номи, фаолияти, мероси билан боғлиқ ижод мактаблари самарали фаолият юритмоқда. Эркин ижод учун зарур барча шароитлар яратилди. Қаламкашларнинг янги асарлари мунтазам ва муттасил нашр этилмоқда. Устоз ижодкорларнинг юбилей саналари эъзоз билан нишонланмоқда. Бу эса адабиёт аҳлини жўшиб ижод қилишга чорламоқда. 

Анжуманда таъкидланганидек, бугунги глобаллашув жараёни инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга, кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. 

Куни кеча Президентимиз иштирокида маданият ва санъат, адабиёт соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, бу борада аҳолининг зиёли қатламлари энг олдинги сафларида бўлмоғи зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, жамиятда китобхонликни янада ривожлантириш, таржима санъати, интернет адабиётининг савиясини юксалтириш, ўзбек тилини ўқитишни янги босқичга олиб чиқиш борасида янги вазифалар белгилаб берилди. 

– Санъатми, маданиятми, адабиётми, қайси соҳа бўлмасин, уларнинг энг аввалида болалар адабиёти турибди, – деди Ёзувчилар уюшмасининг болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши раиси Ориф Тўхташ.– Президентимизнинг сўзлари биз – ижодкорларни ғоят тўлқинлантирди. Буларнинг бари ёш авлоднинг маънавий тарбиясига катта масъулият билан ёндашиш зарурлигини талаб этмоқда. 

Анжуманда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан амалий чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. 

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири