Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Манар Элдиеп: "Тарихан буюк юртнинг бетакрор санъати дунёни ҳайратга солаверади"
14:43 / 2024-08-22

Мисрнинг машҳур олийгоҳи Александрия университети катта ўқитувчиси (PhD), таржимон Манар Абдулсалом Элдиеп ўзининг Ўзбекистонда ўтказилган II Лазги халқаро фестивалидаги иштироки, «Шарқ тароналари» XIII халқаро фестивалига тушган расмий таклиф ва бошқа фикрлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, у таржима қилган бир қатор ўзбек ижодкорлари ва олимларининг китоблари араб давлатларида қандай қизиқишларга сабаб бўлаётгани ҳақида фикрларини билдирди.

– Бугун ўзбек маданияти ва санъатини тарғиб этиш янги босқичга кўтарилди, десам муболаға бўлмайди. Кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси ўлароқ биз хорижлик олимлар айнан Ўзбекистонга келиб,  ўзбек маданияти, санъати, «Лазги» рақси ва бошқа ёрқин намуналарни ўрганиш бахтига муяссар бўлдик, – дейди Манар Абдулсалом Элдиеп. – Бу биз учун илгари орзу эди. Гарчи Мисрнинг Александрия шаҳрида истиқомат қилсам-да, томиримда ўзбек қони борлигини ҳам айтиб ўтишим лозим. Онамнинг таъкидлашича, момоларимиздан бири Бухоро шаҳридан Александрияга турмушга чиқиб, яшаб қолган. Шу учун ҳам Ўзбекистон мен учун муқаддас гўша. Бугун у ердан олим ва таржимон дўстларим кўп. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси тадбирларида ҳам доимий иштирок этиб тураман.

– Жорий йилнинг апрель ойида Хива шаҳрида ўтказилган «Лазги» халқаро фестивалида ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этдингиз. Ҳар бир давлат вакилининг чиқишларини кузатиб, баҳолаб бордингиз. Ўзбек рақс санъатининг гултожи бўлган «Лазги» сизда қандай таассурот қолдирди?

– Маданият ва санъат элларни, кўнгилларни бирлаштиради, деб бежиз айтишмаган. Хивада турли миллат ва элатлар рақсларини кўриб, бунга яна бир бор амин бўлдим. Ўзбекистонга илк ташрифимнинг ҳаяжонларидан сармаст бир онда саҳнада «Лазги» рақси усталари пайдо бўлди. Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова мактабининг етук вакилларидан бўлган Дилноза Мавлонова, Дилноза Ортиқова ва бошқаларнинг беқиёс рақс ҳаракатлари кўнгилнинг туб-тубидаги ёлқинларни ўт олдирди. Бу мўъжиза эди. Кўнгиллар ва тиллар бир бутунликда ҳайрат исканжасида қолган, томошабинлар онгу шуурида фақат бир учқун – рақс сеҳри жилваланиб турарди, гўё. Фестиваль давомида Гавҳар Матёқубовадан, Шуҳрат Тохтасимов, Ҳулкар Ҳамроевадан «Лазги»нинг тўққиз тури,  бир-биридан фарқли жиҳатлари,  келиб чиқиш тарихи ва ижрочилари ҳақида маълумотлар олдим.

Фестивалда бошқа давлатларнинг раққос ва раққосалари ҳам ўз чиқишларини намойиш этишди. Улар турли ўринлар ва номинацияларда ғолибликни қўлга киритган бўлса-да, якунда барибир ўзбек рақси мутлақ устунлик қилди. Гран-при соврини «Лазги» рақси ижрочиларига насиб этди. Аслида «Лазги» бундан ортиғига муносиб эди.

Дарвоқе, фестиваль доирасида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция менда катта таассурот қолдирди. Унда Бразилия, Франция, Туркия, Озарбайжон, Япония, Қозоғистон, Испания ва бошқа давлатлардан келган олимлар билан ўзбек рақс санъати бўйича фикр алмашиш, унинг тарғиботи бўйича келажакдаги режаларни муҳокама қилиш биз учун зарур эди. Бу илмий конференция эса айни шу имкониятни тақдим этди.

– Ўтган икки йил давомида қатор ўзбек шоир, ёзувчи ва олимларининг ижодини араб тилига ўгириб, Мисрда чоп эттирдингиз. Александрия медиа институтида ўтказилган бир тақдимотда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакиллари билан биргаликда биз – бир гуруҳ ўзбекистонликлар ҳам иштирок этган эдик. Ўзбек ижодини ўз юртингизда тарғиб этишда сизга нима туртки бўлди?

– Аввало айрим ўзбек ижодкорларининг АҚШда чоп этилган китоблари ва ўзбек маданияти ҳамда санъатига бўлган қизиқишим, десам, янглишмаган бўламан. Ўзбек ижодкорларидан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шаҳодат Исахонованинг ҳикоялар тўпламини, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзонинг, марҳум ижодкорлар Анвар Обиджон, Аъзам Ўктамнинг шеърий китоблари, Ўзбекистон давлат хореография академияси доценти, филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамраева, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова, Ўзбекистон миллий университети профессори Раъно Сайфуллаева каби таниқли олимларнинг монографияларини араб тилига таржима қилдим. Қоҳирадаги «Араб тафаккури» нашриёти эса уларнинг китоб шаклида чоп этилиб, бутун Миср ва бошқа араб давлатлари бўйлаб тарқалишига кўмаклашди. Бугун ушбу муаллифлар орқали мамлакатимда ўзбек адабиёти ва санъати янада оммалашди. Айрим машҳур университетлар кутубхоналари юқоридаги китоблар билан бойитилди. Айниқса, бевосита муаллифлар иштирокида жаҳоннинг иккинчи рақамли ва энг қадимийси бўлган Александрия кутубхонасида ўтказилган бу китобларнинг тақдимоти Миср матбуотида кенг ёритилди.

– Ўзбекистонга яна бир бор, «Шарқ тароналари» XIII халқаро фестивалига келиш арафасидасиз. Марказий Осиёдаги энг йирик бу маданият фестивалидан нималар кутяпсиз?

– «Шарқ тароналари» халқаро фестивалининг қадим ва навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилиши мени бир ҳаяжонга солган бўлса, унга дунёнинг 70 давлатидан 300 нафардан ортиқ иштирокчиларнинг қатнашиши қалб туғёнларимни ўн чандон оширмоқда. Ахир Ўзбекистоннинг «ташриф қоғози»га айланган бу шаҳар сўнгги йилларда дунё халқлари маданият чорраҳасига айланиб бораётгани ҳам сир эмас. Самарқанд ҳар бир хорижлик ташриф буюриши керак бўлган шаҳар. Бу ерда тарихнинг не-не буюк донишмандлари туғилган ва дунё илм-фани ривожига ҳисса қўшган.

«Шарқ тароналари» камина учун ўзбек маданиятини янада чуқурроқ ўрганиш ва Мисрда тарғиб этишда янги саҳифа очиб беришига ишонаман. Биз олим ва тадқиқотчиларга санъатингизни тадқиқ этиш учун кенг имкониятлар эшигини очиб бераётган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига, Ўзбекистондаги энг биринчи ҳамкорим – Ўзбекистон давлат хореография академиясига ва бир қатор эл таниган олимларга миннатдорлик билдираман.

Фестиваль доирасида ўтказилиши режалаштирилган «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция тўпламига мақолам қабул қилинди. Ижтимоий тармоқлар орқали фестиваль ва илмий конференцияга тайёргарликни ҳам кузатиб боряпман. Энди 26-27 август кунлари Самарқандда, иштирокчилар қаршисида ўзбек мусиқа санъати ҳақидаги тақдимотимга ҳозирлик кўряпман. Ўйлайманки, фестиваль мен кутгандан ҳам кўпроқ имкониятларни тақдим этади.

Шу ўринда айтишим лозимки, мени академик Юнус Ражабий ҳаёти ва ижоди, «Шашмақом» жуда қизиқтиради. Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти ва машҳур мусиқашунос олимлар билан яқиндан танишиб, келажакда ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор.

Асрор АЛЛАЁРОВ суҳбатлашди.

ЎзА