Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мана бугун Наврўзи олам... Сен баҳорни соғинмадингми?
11:45 / 2024-03-21

21 март — Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллуд топган кун

Уйғонгувчи боғларни кездим,

Топай дедим қирдан изингни.  

Ёноғингдан ранг олган дедим  

- Лолазорга бурдим юзимни,  

Учратмадим аммо ўзингни,

- Сен баҳорни соғинмадингми?

 

Узоқларда залворли тоғлар  

Хаёлимни келдилар босиб.

Кечди қанча интизор чоғлар,  

Васлинг менга бўлмади насиб,  

Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,

- Сен баҳорни соғинмадингми?

 

Ўнгирларда сакрайди оҳу,  

Наъматакда саъва миттижон.

Қорликлардан сипқарилган сув,  

Дараларда уради жавлон.  

Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,

- Сен баҳорни соғинмадингми?  

 

Мана, бугун Наврўзи олам,

Дўстларимга гуллар тутарман.  

Қайлардасан, севгили эркам...

Қўлимда гул, сени кутарман,

Умрим бўйи чорлаб ўтарман,  

- Сен баҳорни соғинмадингми?

Абдулла Орипов ижоди замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаларини очди. Унинг шеърларида инсоннинг чуқур руҳий дунёси ва халқ тарихи таҳлил этилади.  

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов 1941 йил 21 март куни Қашқадарё вилоятида таваллуд топди. 1958 йил ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, таҳсилни Ўзбекистон Давлат университети ўзбек филологияси факультетининг журналистика бўлимида давом эттирди.

1963 йил университетни аъло баҳолар билан якунлаб, «Ёш гвардиячи» таҳририятида, Ғофур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат таҳририятида, «Шарқ юлдузи» журналида, 1972 йилдан 1982 йилгача Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлинмаси котиби,  «Гулхан» журнали бош муҳаррири вазифаларида ишлади.  1996 йилдан 2009 йилгача Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси этиб тайинланди.  

Абдулла Орипов «Қуш» номли илк шеърини университетда ўқиган кезларида ёзди. Унинг «Баҳор», «Биринчи муҳаббатим», «Куз», «Саратон», «Ўзбекистон», «Муножотни тинглаб», «Отелло», «Сароб», «Денгизга», «Маломат тошлари», «Олтин балиқча», «Юзма-юз», «Генетика» ва бошқа шеърлари ХХ асрнинг иккинчи ярми ўзбек адабиётининг ёрқин намунасидир.

1965 йил унинг илк шеърий тўплами «Митти юлдуз» чоп этилди. Сўнг «Кўзларим йўлингда», «Онажон», «Руҳим», «Ўзбекистон», «Қасида», «Хотирот», «Юртим шамоли», «Ҳайрат», «Нажот қалъаси» ва бошқа шеърий тўпламлари чоп этилди.

«Жаннатга йўл» (1978), «Табиб ва ўлим» (1980), «Ранжком», «Соҳибқирон» (1996) достонлари Абдулла Орипов қаламига мансуб.

2000-2001 йиллар тўрт томлик сайланмаси «Сара асарлари» нашрдан чиқди.  

Шоир Данте Алигерининг «Илоҳий комедиясини»ни, Н. Некрасов, Л. Украинка, Т. Шевченко, К. Кулиев ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилди.  

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов 2016 йилда оламдан ўтди.  

 

А. Рустамов тайёрлади,  ЎзА