Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“MAN” кабиналари юртимизда тайёрланади
18:42 / 2016-07-27

“JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасининг Самарқанддаги сервис ва диллерлик марказида оғир юк кўтарувчи “MAN” транспорт воситалари учун кабиналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги технологияларни жорий этишга бағишланган брифинг ўтказилди.

“JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасининг Самарқанддаги сервис ва диллерлик марказида оғир юк кўтарувчи “MAN” транспорт воситалари учун кабиналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги технологияларни жорий этишга бағишланган брифинг ўтказилди.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида юртимизда автомобилсозлик жадал ривожланиб, мазкур тармоқ мамлакатимиз саноатининг етакчи йўналишларидан бирига айлангани таъкидланди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда бир неча турдаги енгил машина ва автобуслар, юк ташувчи автротранспорт воситалари ва тиркамалар ишлаб чиқарилмоқда, ички бозордан ташқари хорижга экспорт қилинмоқда.

2009 йилда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ҳамда Германиянинг дунёга машҳур “Man Truck&Bus Group” компанияси ҳамкорлигида “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси ташкил этилиши билан юртимизда оғир юк кўтарадиган “MAN” автомобилларини ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда мазкур корхонада тўлиқ вазни 16 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари ва махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури автомобилсозлик корхоналари учун ҳам кенг имкониятлар яратди.

– Давлатимиз раҳбари қарорида белгилаб берилган имтиёз ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, “Man Truck&Bus АG” саъй-ҳаракатлари билан корхонамизда тайёрланаётган “MAN” оғир юк кўтарувчи транспорт воситалари учун йилига 3 минг дона кабина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳани амалга оширдик, – дейди “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси янги лойиҳалар ва маҳаллийлаштириш департаменти директори Ойбек Аюбов. – Бунинг учун заводимизга Германия, Италия ва бошқа давлатлардан янги, замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Ходимларимиз хорижда билим ва малака ошириб қайтди.

Кабина ишлаб чиқариш жараёни пайвандлаш, бўяш ва йиғиш циклида амалга оширилади. Кабинанинг металл панеллари Хитойдаги “SINOTRUK IMPORT&EXPORT CO LTD” компанияси томонидан етказиб берилади ва корхонада пайвандланади. Сўнгра Самарқанд автомобиль заводи бўяш цехи базасида емирилишга қарши қатлам сурилиб, бўялади. Бўялган кабиналар “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасига келтирилиб, ички ва ташқи жиҳозларини ўрнатиш каби сўнгги йиғув ишлари бажарилади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш билан корхонада 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бу иш жойларида асосан автомобилсозлик йўналишидаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар меҳнат қилмоқда.

Кабиналарни серияли ишлаб чиқаришга жорий йилнинг сентябрь ойидан киришилади.