English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Манғитлар ичида биринчи бўлиб саййид унвонини олган ҳукмдор
08:28 / 2020-09-30

Ватанимиз тарихидаги 30 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.


Кун тарихи

Ватанимиз тарихидаги 30 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1779 йил (бундан 241 йил олдин) – тарихчи олим Абдусаттор Жуманазарнинг Абдумуталиб Фаҳмий қаламига мансуб “Мажмуаи Фаҳмий” тазкирасига таяниб маълумот беришича, ҳижрий 1193 йил муборак рамазон ойининг 19-куни, яъни милодий 1779 йил 30 сентябрь куни Бухоро ҳукмдори Амир Шоҳмуроднинг тўнғич фарзанди Амир Ҳайдар дунёга келди (Баъзи манба ва адабиётларда унинг туғилиш санаси бундан фарқли берилган).

У туғилгач, Амир Шоҳмурод ўша пайтда Бухорода қози ул-қуззот бўлиб турган шайхулислом Атоуллахожанинг ҳузурига ўзи боради на уни Олий Аркка олиб келиб, чақалоққа от қуйиб беришини илтимос қилади. У келгусида мўминлар амири ҳазрати Алидек ҳамиша ғолиб бўлиб юрсин дея хайрли дуо қилиб гўдак шаҳзодага Ҳайдар исмини қўяди. Ҳайдар, Асад ҳазрати Алининг машҳур лақаблари бўлиб, бизнинг тилимизда бу арслон маъносини англатади.

Амир Ҳайдарнинг онаси тарихда Хони шаҳид номи билан маълум бўлган аштархоний ҳукмдор Абулфайзхоннинг Шамсиябону исмли қизи эди. Шу сабабдан у, бир томондан, чингизий, иккинчи тарафдан, саййидлар хонадонига мансуб ҳисобланади. Унинг кейинги авлодлари исми олдига “саййид” сўзининг қўшиб ёзилиши шундан. Айрим тарихий манбаларда у кўпинча Амир Саййид номи билан ҳам аталади. Унинг она тарафи икки ёқлама – шайбоний ва аштархонийлар орқали Чингизхонга туташади.

1920 йил (бундан 100 йил олдин) – тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, Бухоро Марказий Ревкоми “Ер тўғрисида”ги декретни қабул қилди. Декрет, яъни қонун кучига эга бўлган қарорга мувофиқ собиқ амир, унинг қариндошлари ва амалдорлари қўлидаги бутун ер-мулк камбағал ва ерсиз деҳқонларга берилиши керак эди. Шунингдек, декретга кўра, “амлок” ва бошқа солиқлар бекор қилинди.

Архив ҳужжатларида келтирилишича, фақат Эски Бухоро туманлари ва Чоржўй беклигида собиқ амир ва бекларга қарашли 10 минг таноб, тахминан 833 гектар ер мусодара қилиниб, камбағал деҳқонларга тақсимлаб берилди. Айрим тарихий адабиётларда мазкур декрет қабул қилинган сана янглиш тарзда 1920 йил 21 ноябрь, деб кўрсатилган. Ҳолбуки 21 ноябрда декрет фақат “Бухоро ахбори” газетасида эълон қилинган.

1946 йил (бундан 74 йил олдин) – сухандон, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Мирзоҳид Раҳимов таваллуд топди. Унинг сухандонликка нутқи, овози, қобилияти кучли бўлиб, ёқимли овози, равон нутқи, матнни кучли эҳтирос билан ва маънодор қилиб ўқиши томошабинга кучли таъсир этган.

1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг навбатдан ташқари еттинчи сессияси “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари Декларацияси”ни ратификация қилди. Ушбу Декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган биринчи халқаро ҳужжатдир.

Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига Конституциявий мақом бериш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.

2009 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида” ва “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинди.

2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2018 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади