English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маъмурий жарима асосий жарима миқдоридан ошиб кетиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда
17:30 / 2023-05-15

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Жумладан, “Маъмурий жарималарни ижро этиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.  

— Ушбу қонун лойиҳаси орқали Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган маъмурий жарималарнинг ўз вақтида ундирилмаганлиги юзасидан Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган маъмурий жарима миқдори ундирилиши лозим бўлган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда, — деди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори биринчи ўринбосари Ш.Ҳайдаров. — Шу билан бирга, лойиҳада соҳада турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси номидан маъмурий жарима қўллаш ваколатига эга бўлган шахслар доираси аниқ кўрсатилмоқда.    

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси бўйича ўзларининг фикр ва муносабатини билдирди. Айрим ҳолларда аҳолига электр, газ ва бошқа коммунал тўловлар бўйича асоссиз, сунъий равишда оширилган маъмурий жарималар ёзилиши ҳолатлари мавжудлигини таъкидлади.  

Депутатлар қонун лойиҳасини маъқуллади.  

Шунингдек, фракция йиғилишида кун тартибига киритилган барча масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.   

Муҳтарама Комилова, ЎзА