Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маъмурий судлар маъмурий органлар қонуний фаолият юритишига таъсир кўрсата оладими? 
18:01 / 2022-02-20

Қарор ва ижро

Чунки маъмурий органларда нотўғри ҳаракат амалга оширилса, яъни ноқонуний қарор қабул қилинса, бу маъмурий судларда бекор қилинмоқда. 

Кейинги беш йил давомида маъмурий судлар томонидан 67 минг 989 иш кўрилган бўлса, шундан 45 мингга яқини, яъни 65 фоизи қаноатлантирилгани ҳам шундан далолат.  

Маъмурий орган қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича 44 фоиз иш юзасидан аризачилар фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилинган. 

Низоларнинг фуқаролар ҳамда тадбиркорлар фойдасига ҳал бўлаётгани уларнинг одил судловга бўлган ишончини оширмоқда. Ўз навбатида, маъмурий органлар мансабдор шахсларининг ўз хатти-ҳаракатлари ва қарорларини қабул қилишда қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилишга нисбатан масъулиятини янада оширишга хизмат қилмоқда. 

Шунга қарамай бу йўналишда ечимини топиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжуд. Шу боис 2022 йил 29 январда  Президентимизнинг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Қарорга мувофиқ, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилади. 

Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказилади. (Ҳозирга қадар бундай низолар тегишли тартибда фуқаролик ишлари бўйича суд ва иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилар эди).

Маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланилади. 

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилинади. 

Қарорга биноан судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш назарда тутилди. 

Бу тартиб, ўз навбатида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор енгилликлар олиб келади. Чунки ҳозирги кунга қадар маъмурий судларга тааллуқли бўлмаган ариза ва шикоятлар келиб тушса, бундай ариза Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси биринчи қисми 1-бандига кўра аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш, агар ариза (шикоят) иш юритишга қабул қилинган бўлиб судга тааллуқли эмаслиги иш юритиш давомида аниқланган бўлса, кодекснинг 108-моддаси биринчи қисм 1-бандига асосан иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим қабул қилар эди. 

Бу эса аризачи томонидан ортиқча сарф-харажат ва вақт йўқотилишига сабаб бўлаётган эди.

Қарорга кўра, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш тартибини ўрнатиш назарда тутилди. 

Илгари бундай ишлар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўрилар эди. Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш ишларнинг ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганилишига хизмат қилади. 

Амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар замирида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш ётади.  

А.Аҳроров,

ТДЮУ Маъмурий ва молия ҳуқуқи 

кафедраси ўқитувчиси.

ЎзА