Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маъмурий судлар фаолиятига оид қандай ўзгаришлар назарда тутилмоқда?
19:08 / 2022-08-15

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

— Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини таъминлаш, шаффоф, коррупциядан холи, мустақил ва адолатли суд тизимини яратиш давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади, — деди парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов. 

— «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. 

Унга кўра, бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Хусусан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 11-моддасига киритилаётган ўзгартишлар ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган бўлишини инобатга олиб, маъмурий суд ишларини кўришда суднинг фаол иштироки орқали тарафларнинг тенг имкониятларини таъминлаш йўлга қўйилиши назарда тутилмоқда. 

Яъни, адолатни таъминлаш мақсадида суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи тарафларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далилларни тўплайди, шунингдек, маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни амалга оширади. Умуман, мазкур қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Юртимизда инсон қадрини улуғлаш энг устувор мақсад сифатида қаралаётган бугунги кунда мазкур қонун лойиҳаси муҳим аҳамият касб этади.

Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзолари мазкур лойиҳа юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, айрим моддаларга яна қўшимча ва тузатишлар киритилиши бўйича таклифларини бердилар.

Шунингдек, йиғилишида муҳокама этилган бошқа масалалар бўйича ҳам фикр ва таклифлар билдирилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА