Маъмурий ислоҳотлар: Штат бирликлари қисқартирилган ходимни ишга жойлаштириш бўйича тавсиялар берилди
Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган мулоқотда 2022 йил 21 декабрдаги "Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2023 йил 25 январдаги «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонлари ижроси таҳлил қилинди.
Унда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари иштирок этди.
Мулоқотда амалдаги меҳнат қонунчилиги талаблари, унда иш берувчиларнинг ходимларни ишга жойлаштиришдаги мажбуриятларига оид билимлар улашилди. Шунингдек, штат бирликлари қисқартирилган ҳар бир ходимнинг малакасига мувофиқ, тизимдаги бошқа бўш лавозимларга ишга жойлаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Иштирокчилар амалиётда дуч келаётган турли вазиятлар юзасидан туғилаётган саволларига малакали мутахассислардан жавоб олди.
ЎзА