Мамлакатимизда самарали фаолият юритувчи бошқарув тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун» деган эзгу ғояни амалга ошириш ҳар бир соҳада муҳим аҳамият касб этаётир. Ушбу жараёнда эса маъмурий ислоҳотлар моҳиятини аҳолига етказишда адлия тизими ходимларининг ўрни муҳим. Бунда соҳа вакиллари зиммасига улкан масъулият юкланиб, самарали меҳнат фаолияти талаб этилади.
Шу йил 24 майда давлатимиз раҳбарининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармонга кўра, қўшимча тўртта янги фаолият йўналишлари белгиланди. Биринчи, аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш, иккинчи, жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, учинчи, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш, тўртинчи, давлат органлари ва маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда методик ёрдам кўрсатиш.
Қуйи бўғиндаги адлия бўлимларига эса 6 та янги вазифа юклатилди. Ушбу вазифалардан кўзланган асосий мақсад жойларда аҳоли кўтараётган долзарб муаммоларни ҳал қилиш, фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқий муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал қилиш ҳамда аҳолига, авваламбор, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш ҳисобланади.
Фармонда адлия органларини халқчил тузилмага айлантириш орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсади кўзланган.
Маҳаллаларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни «Ҳуқуқий тарғибот куни» этиб белгиланди. Адлия бўлимлари томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда «Адлия куни» тадбирлари ўтказилади. Бунда чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб бориш режалаштирилмоқда. «Ҳуқуқий кўмак» акцияси, «Online-mahalla» платформаси орқали ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларни ҳал этиб бориш, ёшлар, аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ҳақида хабардор қилиш тартиби жорий этилмоқда.
Фармонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш ҳам кўзда тутилган. Унга кўра, 13 та давлат хизматлари ДХМ ва Ягона портал орқали кўрсатилади. Хусусий сектор вакилларига 15 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилади. Бу эса айрим ташкилотларда учраётган қоғозбозлик, сансалорлик каби ортиқча иллатлар, тадбиркорларнинг вақтини олиш каби ҳолатларни бартараф этишга замин яратади.
Шунингдек, фармонга асосан умумтаълим мактабларида ҳуқуқий таълим-тарбияга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳуқуқ синфлари ташкил этилиши, “Ҳуқуқ оламига саёҳат” ўқув дастурлари жорий этилиши ҳамда электрон платформа орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг узлуксиз касбий билимлари оширилиши эътиборга моликдир. Бу орқали ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини сингдириб бориш, Бош қомусимизнинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб чуқурроқ ўргатиш мақсадлари кўзда тутилган.
Шу билан бирга, «Мамлакат келажаги – қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан» ғояси асосида ёшларда турли салбий омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш жараёнини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу орқали ўғил-қизларда қонунларга ҳурмат, юртга дахлдорлик ҳамда ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур фармон адлия органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишига хизмат қилиши билан бир қаторда аҳолига янада қулайлик ва енгилликлар яратишга қаратилган янги механизмларни жорий этиши шубҳасиз.
Эркинжон Маҳмудов,
Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи